Logo

Ўзбекистон Президентининг Мўғулистонга давлат ташрифи арафасида Улан-Баторда "Made in Uzbekistan" миллий маҳсулотлари кўргазмаси очилди ва қўшма бизнес-форум бўлиб ўтди

Июнь 23, 2025. 16:56 • 3 дақ

67
Ўзбекистон Президентининг Мўғулистонга давлат ташрифи арафасида Улан-Баторда "Made in Uzbekistan" миллий маҳсулотлари кўргазмаси очилди ва қўшма бизнес-форум бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 23 июнь. /"Дунё" АА/. Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи арафасида бугун Ўзбекистон–Мўғулистон бизнес-форуми бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) маълумотига кўра, тадбирда икки мамлакатнинг вазирлик ва идоралари, ҳудудлар, тармоқ уюшмалари раҳбарлари ҳамда 300 дан ортиқ компания вакиллари иштирок этди. Форум Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан Савдо-саноат палатаси кўмагида ташкил этилди.

Форумда Ўзбекистон делегациясига Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев, Мўғулистон томонига эса Мўғулистон Бош вазирининг ўринбосари Сайнбуянгийн Амарсайхан раҳбарлик қилди.

Тадбир модераторлари сифатида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Илзат Касимов ва Мўғулистон Миллий савдо-саноат палатаси Халқаро ҳамкорлик департаменти директори Солонго Энхсайхан иштирок этди.

Анжуман иштирокчиларига мурожаат қилар экан, Жамшид Ходжаев сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда бизнес муҳити ва инвестиция жозибадорлигини яхшилаш бўйича амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларга эътибор қаратди. Натижада, мамлакат ЯИМ икки баробарга ошиб, илк бор 100 миллиард АҚШ долларидан ошди, 2024 йилда иқтисодий ўсиш суръати 6,5% ни ташкил этди. Мамлакатга 70 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинди.

Ўзбекистон ҳукуматининг хорижий инвесторларни тўлиқ қўллаб-қувватлашга ва қўшма лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш учун барча шарт-шароитларни яратишга тайёр эканлиги яна бир бор тасдиқланди.

Ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун устувор йўналишлар белгиланди. Жумладан, савдо соҳасида мева-сабзавот маҳсулотлари, ўғитлар, қурилиш материаллари, фармацевтика, маиший техника, тўқимачилик, пойабзал, гўшт, чарм, жун маҳсулотлари экспорти, савдо уйлари ва кўргазмалар ташкил этиш каби ташаббуслар илгари сурилди.

Иккала давлат ўртасидаги саноат кооперацияси чарм, жун ва кашемирни қайта ишлаш, электр жиҳозлари, машиналар ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналарни ташкил этиш орқали ривожланади.

Қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик йўналишларида иссиқхоналар қуриш, томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш, ҳосилни сақлаш ва қайта ишлаш бўйича лойиҳалар илгари сурилди.

Фойдали қазилма конларини қидириш ва ўзлаштириш бўйича қўшма лойиҳалар катта истиқболларга эга экани таъкидланди.

Ўз навбатида, Мўғулистон Бош вазири ўринбосари Сайнбуянгийн Амарсайхан Ўзбекистонда яратилган қулай инвестиция муҳитини юқори баҳолаб, Монголия тадбиркорларини ўзбек ҳамкорлари билан фаол ва дадил ҳамкорлик қилишга чақирди.

Анжуман якунида жун, аралаш матолар, тўқимачилик ва чарм маҳсулотларини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришга оид қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди.

Форум доирасида "Made in Uzbekistan" миллий маҳсулотлари кўргазмаси очилди, унда ўзбек ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари намойиш этилди. В2В ва G2D учрашувлари ўтказилди. Тадбиркорлар амалий ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилиб, кейинги ҳамкорлик учун аниқ қадамларни белгилаб олишди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш