Беларусь пойтахтидаги Ўзбек маданият марказига икки йил тўлди
Ноябрь 23, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 47
МИНСК, 23 ноябрь. /“Дунё” АА/. Максим Танк номидаги Беларусь давлат педагогика университети қошидаги Ўзбек маданияти маркази очилганининг икки йиллиги муносабати билан халқаро маданий тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Минскдаги дипломатик ваколатхоналар дипломатлари, давлат идоралари ва ташкилотлари вакиллари, икки давлат олийгоҳлари раҳбарияти, ўқитувчилар, талабалар, 12-гимназия ўқувчилари ҳамда “Зубрёнок” ва “Ждановичи” болалар соғломлаштириш марказлари тарбияланувчилари иштирок этди.
“Ўзбек маданияти маркази: дўстлик ва ҳамкорликнинг икки йили” мавзусида ўтказилган учрашувда сўзга чиққан Беларусь давлат педагогика университети проректори Александр Францкевич, Наманган давлат педагогика институти ректори вазифасини бажарувчи Муродхон Қодирхонов ва бошқалар 2024 йил 19 ноябрь куни очилган мазкур марказ қисқа вақт ичида ўзаро академик, илмий ва маданий мулоқотнинг муҳим майдонига айланганини алоҳида таъкидлади.
Беларусь давлат педагогика университети мамлакатимизнинг 16 та олий таълим муассасаси билан яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Ўтган икки йил давомида Ўзбекистон элчихонаси кўмагида марказда ўзбек тилини ўрганиш, халқимизнинг бой тарихи, адабиёти ва миллий анъаналарини тарғиб этишга қаратилган кўплаб тадбирлар ташкил этилди.
Учрашув давомида икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда авлодлар ўртасидаги мулоқот муҳим аҳамият касб этиши эътироф этилди.
Тадбир сўнгида Ўзбекистон ва Беларусь талаба-ёшлари ҳамда ижодий жамоалари ижросида икки халқнинг миллий куй-қўшиқлари, рақслари ва бадиий чиқишларидан иборат байрам дастури намойиш этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси