Рашод Маммадов: Озарбайжон Марказий Осиёнинг бир қисми ва Европага очиладиган дарвозасидир

Август 23, 2026. 11:00 • 8 дақ

402
Рашод Маммадов: Озарбайжон Марказий Осиёнинг бир қисми ва Европага очиладиган дарвозасидир

ТОШКЕНТ, 23 август. /“Дунё” АА/. Озарбайжоннинг Тошкентдаги элчиси Рашод Маммадов Президент Илҳом Алиевнинг 23 август куни Ўзбекистонга бошланётган давлат ташрифи арафасида “Дунё” АА мухбирига эксклюзив интервью берди.

– Жаноб элчи, олий даражадаги алоқалар динамикасини қандай баҳолайсиз ва Ўзбекистон–Озарбайжон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари ўзаро ҳамкорликда қандай акс этмоқда?

– Президент Илҳом Алиевнинг давлат ташрифи сўнгги бир неча йил ичидаги Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўн бешинчи олий даражадаги ўзаро ташрифдир. Бу кўрсаткичнинг ўзиёқ Ўзбекистон Озарбайжон учун нақадар муҳим мамлакат эканини ифода этмоқда. Умумий анъана, маданият, қадрият, муштарак манфаатлар ва келажакка мўлжалланган стратегик режаларимиз муносабатларимизни айнан шундай юксак даражада – иттифоқчилик даражасида ривожлантиришни тақозо этади.

Давлатларимиз ўртасидаги алоқалар барча йўналишда – иқтисодиёт, инвестиция, савдо, фан, маданият, таълим, рақамлаштириш соҳаларида ривожланиб бормоқда. Транспорт, логистика ва юк ташиш ҳам энг муҳим йўналишлардан биридир. Бундай алоқалар давлатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни тараққий эттиришга хизмат қилмоқда.

Икки мамлакат иқтисодиёти кўп жиҳатдан бир-бирини тўлдиради. Мустақиллик йилларида Озарбайжон транспорт-логистика лойиҳаларига катта сармоя киритди. Бугунги кунда яратилган имкониятлар Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам янги истиқболлар очмоқда.

Ўзбекистон халқимизга руҳан жуда яқин. Мусиқамиз деярли бир хил, тилларимиз яқин, одамлар мулоқотда бир-бирини тушунади. Бу эса халқларимизда муносабатларни янада ривожлантиришга нисбатан муайян ижтимоий эҳтиёжни шакллантиради.

Ўзбекистон иқтисодий ривожланиш ва аҳоли сонининг ўсиш суръатлари бўйича Марказий Осиёда етакчи ўринни эгаллаб келаётгани халқаро рейтинг агентликлари прогнозларида ҳам ўз тасдиғини топмоқда. Ўз навбатида, Озарбайжон Кавказдаги етакчи давлатлардан биридир. Ўйлайманки, давлатларимиз ҳамкорлиги ва ўзига хос сиёсати мамлакатларимизнинг янада ривожланишига муҳим туртки беради. Шу билан бирга, бундай муносабатлар минтақанинг бошқа давлатлари учун янги истиқболлар яратиб, Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг Европа ва Осиё давлатлари учун сиёсий аҳамиятини янада оширади.

Биз, Озарбайжон ва Ўзбекистон кучли давлатлармиз. Мен Озарбайжонни улкан давлат, деб айта олмайман. Биз ихчам мамлакатмиз. Аммо давлатнинг кучи унинг ҳудуди ва аҳолиси сони билан эмас, балки халқаро муносабатлардаги таъсири, хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини таъминлаш қобилияти белгиланади. Шунингдек, қўшнилар ва халқаро ҳамжамиятнинг бошқа аъзо давлатлари билан ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйиш имкониятлари билан ҳам ўлчанади.

Бугунги кунда Озарбайжон катта молиявий ресурслар захираси ҳамда Европа, Осиё, Америка ва Африканинг йирик давлатлари билан ўзаро манфаатли иқтисодий алоқаларга эга.

Ўзбекистон ҳам ўзини-ўзи таъминлайдиган, мустақил оёққа турган мамлакатдир. Ўзбек халқи бугун муваффақиятли ривожланаётган давлатни барпо этган. 2016 йилдан Ўзбекистон тараққиёти тарихида янги саҳифа очилди. Мамлакат бутун дунёга, хусусан, Озарбайжонга ҳам ўз эшикларини очди.

Айнан Ўзбекистон Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги даврида мамлакат иқтисодиёт, сиёсат, таълим, тиббиёт, гуманитар ва ижтимоий соҳаларда модернизация жараёнини таъминлаган ҳолда, юқори суръатлар билан ривожлана бошлади. Бу осон эмас, лекин сиз буни уддаладингиз.

Ўзбекистон хорижий инвестициялар учун жозибадор мамлакатга айланди. Бу ерга бутун дунёдан, жумладан, Озарбайжондан ҳам ишбилармонлар мамлакат иқтисодиётига сармоя киритиш учун келмоқда. Президентларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар сармоядорлар учун сиёсий кафолатдир.

– Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик сезиларли даражада кенгайиб бормоқда. Сизнингча, ўзаро савдо ҳажмини оширишда қайси йўналишлар муҳим аҳамиятга эга?

– Биз мамлакатларимиз ихтиёридаги табиий ресурслардан фойдаланишдан тортиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришгача бўлган барча тармоқларни ривожлантирмоқдамиз. Президентлар томонидан давлатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 2030 йилга бориб бир миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган. Ўйлайманки, бу довон, албатта, забт этилади. Белгиланган мақсадга эришиш учун бизда барча имкониятлар мавжуд.

Озарбайжон ва Ўзбекистон ўз иқтисодиёти ва адлия тизимини жадал суръатларда ислоҳ қилмоқда, хорижий сармояларни жалб этиш учун қулай шароитлар яратмоқда. 2024 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудларида янги лойиҳаларга сармоя киритиш учун молиявий имкониятларга эга, капитали 500 миллион долларлик қўшма жамғарма ташкил этилди. Жамғарма муваффақиятли фаолият юритмоқда. Аллақачон кўплаб йўналишлар бўйича лойиҳалар молиялаштирилиб, амалга оширилмоқда. Бу ишлар келгусида ҳам давом эттирилади.

Савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш билан бир қаторда, ҳамкорлигимизнинг асосий йўналиши бўлган транспорт-логистика соҳасини кенгайтириш лозим. Ўзбекистоннинг географик жойлашувидан келиб чиққан ҳолда биз Жануби-Шарқий Осиёдан Европага ўтадиган Ўрта йўлакнинг иккинчи йўналишини амалга ошира оламиз.

Биринчи йўналиш Хитой, Қозоғистон, Каспий денгизидаги Оқтов ва Қурик портлари, Озарбайжон орқали ўтиб, сўнгра Қора денгиз ҳамда Туркия йўналишига боради. Иккинчи йўналишни эса Ўзбекистон билан биргаликда амалга ошириш мумкин. У Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон–Туркманистон портлари–Бокудаги Алот порти йўналиши бўйлаб, кейин Боку–Тбилиси–Карс темирйўли орқали Қора денгиз портлари ҳамда Туркия томон ўтади.

TRIPP лойиҳаси амалга оширилгач, Зангазур йўлаги орқали Бокудаги Алот порти–Арманистон–TRIPP йўлаги–Озарбайжоннинг Нахчивон шаҳри–Иғдир–Туркиядаги Карс йўналиши орқали транспорт-логистика алоқаларини янада кенгайтирамиз. Шу тариқа, биз транспорт-логистика йўналишларини диверсификация қиламиз.

Ўзбекистон – улкан савдо бозори ва аҳолиси 40 миллион кишига яқинлашаётган йирик давлатдир. Мустақиллик қўлга киритилган пайтда мамлакат аҳолиси 20 миллионга яқин эди, бугунги кунда эса 38 миллиондан ошди. Ўша пайтда Озарбайжон аҳолиси қарийб 7,5 миллион кишини ташкил этган бўлса, ҳозир 10,5 миллиондан зиёд.

Марказий Осиёдаги дўст ва қардош давлатлар билан бир қаторда Озарбайжон ва Ўзбекистон аҳолисининг ўзи ҳам мамлакатларимизда ишлаб чиқарилаётган товарлар учун яхши бозор ҳисобланади. Шу сабабли ўзаро савдони ривожлантириш учун қулай имкониятлар мавжуд.

Иқтисодий ҳамкорликнинг яна бир муҳим соҳаси энергетикадир. Биз “Ўзбекнефтгаз” билан қўшма компания ҳамда Озарбайжон ва Ўзбекистон нефть-газ соҳасидаги илмий-тадқиқот институтлари иштирокида яна бир компания туздик. Улар Ўзбекистон ҳудудидаги газ ва нефть конларини ўзлаштириш ҳамда геология-қидирув ишлари билан шуғулланади. Бу ишлар муваффақиятли давом эттирилиб, самарали натижалар беришига умид қиламиз.

Шунингдек ўқинг

Яна бир йўналиш – қайта тикланадиган манбалардан олинган электр энергиясини генерация қилиш, ташиш ва Европанинг премиум бозорига етказиб беришдир. Қозоғистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон электр энергиясини Каспий денгизи туби орқали махсус кабель ёрдамида Озарбайжонга, сўнгра мамлакатимиз орқали Туркия ёки Қора денгиз ва Европа бозорига ташиш бўйича тегишли битимни имзоланган.

Биз Қозоғистон, Озарбайжон ва Ўзбекистонни қайта тикланадиган манбалардан электр энергияси ишлаб чиқаришда катта имкониятга эга деб ҳисоблаймиз. Европа мамлакатлари бизга ишонади ва бундай лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли олдинда бизни янги йирик лойиҳалар кутаётганига ишончим комил.

– Ўзбекистон ва Озарбайжонни нафақат сиёсий ва иқтисодий манфаатлар, балки тарихий ва маданий ришталар ҳам боғлаб туради. Яқин йилларда маданий-гуманитар йўналишда яна қандай лойиҳалар амалга оширилиши кутилмоқда?

– Тошкентда мамлакатимиз элчихонаси қошида Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази фаолият юритади. Ушбу муассаса муҳим ва эзгу ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, марказ турли концертлар, кўргазмалар, ўқув дастурлари, жумладан, озарбайжон тили ва рақси курсларини ташкил этиб келмоқда.

Ўйлайманки, маданий алоқаларни ривожлантириш жуда муҳим. Боз устига, биз уларни шунчаки ривожлантирибгина қолмай, умумий маданиятимизнинг унутилишига йўл қўймаймиз. Юқорида таъкидлаганимдек, бизнинг аждодларимиз бир, бир-биримизга жуда яқинмиз. Қадриятларимиз муштарак, оилавий анъана ва удумларимиз ўхшаш. Буларнинг барчасини асраб-авайлаш ниҳоятда муҳим.

Биз тиббиёт, шеърият, адабиёт, шаҳарсозлик ва меъморчиликни ривожлантирган зотларнинг авлодларимиз. Биз бу меросни унутганимиз йўқ ва уни авлоддан-авлодга етказишимиз шарт.

Озарбайжонда ўзбек мусиқасини мароқ билан тинглаймиз. Мамлакатимизда Ўзбекистон маданияти кунлари катта тантана билан ўтади. Одамларимиз бу маданиятни яқин ва қадрдон деб билиб, унда ўз аксини кўради.

Агар халқлар маданий жиҳатдан яқин бўлса, агар озарбайжонлар ўзбек маданияти, анъаналари ва урф-одатларини ўзиникидек қабул қилса, Ўзбекистон аҳолиси биз учун 38 миллион эмас, балки Озарбайжонда яшовчи 10 миллиондан ортиқ озарбайжонликни қўшиб ҳисоблаганда 48,5 миллион бўлади. Озарбайжонга нисбатан ҳам худди шундай, биз 10,5 миллион эмас, балки ўзбек биродарларимиз билан бирга 48,5 миллионни ташкил этамиз.

Яқинда Боку марказидаги беш гектарлик майдонда “Ўзбекистон” боғи қуриш учун тамал тоши қўйилди. Бу жуда муҳим. Бу боққа ташриф буюрадиганлар ўзларини Ўзбекистонда юргандек ҳис қилади. У ерда ресторанлар, кафелар бунёд этилади, Ўзбекистонни эслатувчи таомлар, миллий маданият ва мусиқалар бўлади.

Ўз навбатида, Ўзбекистонда ҳам худди шундай “Озарбайжон” боғи очилиши кутилмоқда. Токи кишилар бу масканга ташриф буюриб, рамзий маънода Озарбайжонда бўлгандек бўлсин.

Шу билан бирга, кўплаб қўшма лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Сўнгги йилларда Озарбайжон ва Ўзбекистон нодавлат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик анча фаоллашди. Улар муштарак лойиҳаларни амалга оширмоқда: тадбирларнинг бир қисми Озарбайжонда, яна бир қисми Ўзбекистонда ўтказилмоқда.

Ўзбек ёзувчиларининг кўплаб асарлари озарбайжон тилига, озарбайжон ёзувчи ва шоирларининг ижод намуналари эса ўзбек тилига таржима қилинмоқда.

Биз Ўзбекистондаги кенг жамаотчилик вакилларининг Озарбайжон билан яқиндан танишиши учун турли сайёҳлик лойиҳалари ва хизмат  сафарларини уюштирамиз. Ўз навбатида, Озарбайжондан Ўзбекистонга ҳам жавоб ташрифлари ташкил этилади.

– Ўтган йилнинг ноябрь ойида Тошкентда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Озарбайжоннинг Маслаҳат учрашувлари форматига тўлақонли иштирокчи сифатида қўшилиши ҳақидаги қарорни қўллаб-қувватлади. Ушбу қарорнинг аҳамиятини қандай баҳолайсиз?

– C5 формати жуда қизиқарли формат. Марказий Осиё давлатлари Озарбайжон учун ҳар томонлама – савдо-иқтисодий, маданий ва тарихий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга.

Агар кимдир Каспий денгизи бизни ажратиб туради, деб ҳисобласа, мен аксини айтган бўлардим: Каспий денгизи бизни бирлаштиради. У ҳатто мамлакатларимиз ўртасидан тиканли сим тортишга ҳам йўл қўймайди. Бугунги технологиялар, Каспийдаги имкониятлар ва денгиз савдо флоти орамизда улкан сув борлигини ҳеч кимга сездирмайдиган шароит яратмоқда. Бу, аксинча, мамлакатларимизни бирлаштирадиган кичик бир денгиздир.

Шу маънода, Озарбайжон Марказий Осиё ҳудудининг бир қисми ва Марказий Осиёнинг Европага очиладиган дарвозасидир. Ўрта йўлак, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши ва Марказий Осиё давлатлари орқали ўтувчи бошқа йўналишлар Озарбайжонда бирлашади. Озарбайжон портлари, темир ва автомобиль йўллари орқали Марказий Осиё мамлакатлари Шарқий ва Ғарбий Европа давлатлари ҳамда Туркия билан алоқа боғлайди.

Назаримда, Марказий Осиё давлатларисиз Озарбайжоннинг транспорт инфратузилмаси тўлақонли бўлмайди. Айни пайтда, Марказий Осиё мамлакатларининг темир йўл, автомобиль ва логистика инфратузилмаси ҳамда денгиз портлари ҳам Озарбайжон инфратузилмасисиз ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқара олмайди. Бу борада биз бир-биримизни тўлдирамиз.

Шу боис, Озарбайжонни “Марказий Осиё+Озарбайжон” форматидаги ҳамкорликка таклиф этишдан барча – Озарбайжон ҳам, Ўзбекистон ҳам, минтақанинг бошқа давлатлари ҳам бирдек манфаатдордир.


Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш