Сабине Маҳл: Ўзбекистон ташаббуслари мамлакатнинг халқаро майдонда минтақавий кун тартибини илгари суришдаги етакчилик мавқеини ёрқин намойиш этмоқда
Июль 07, 2026. 09:00 • 6 дақ
• 105
ТОШКЕНТ, 7 июль. /“Дунё” АА/. БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Сабине Маҳл “Дунё” АА мухбирига интервью бериб, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида барқарор ривожланишни таъминлаш учун минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлаш” резолюциясининг аҳамияти, Ўзбекистон ва БМТ тизими ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳамда барқарор ривожланишда ёшларнинг ўрни ҳақида сўз юритди.
– Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан илгари сурилган БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида барқарор ривожланишни таъминлаш учун минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлаш” резолюцияси атиги саккиз ой ичида консенсус асосида қабул қилинди. Сизнингча, бундай тезкор қўллаб-қувватлаш сўнгги йилларда минтақада рўй берган ўзгаришларни қай даражада акс эттирмоқда ҳамда мазкур ҳужжат Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг бугунги ҳолатини қай даражада ифодаламоқда?
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган ушбу резолюциянинг қабул қилинишини чин дилдан олқишлаймиз. Маълумки, ҳужжат бутун Марказий Осиё минтақаси номидан таклиф этилган бўлиб, бу унинг бирлаштирувчи моҳияти ва минтақавий аҳамиятига алоҳида урғу беради.
Резолюциянинг ўта муҳимлигини 66 та давлат унинг ҳаммуаллифи сифатида иштирок этгани ҳам тасдиқлайди. Бу ташаббуснинг халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватланаётганидан ва унинг глобал кун тартиби учун долзарблиги тан олинганидан далолат беради.
Аввало, мазкур резолюция Марказий Осиё халқлари учун катта амалий аҳамиятга эга. Чунки у минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш, ўзаро ишончни кенгайтириш ва замонавий таҳдидларга биргаликда ечим излашга қаратилган. Айнан шундай ёндашув минтақада мустаҳкам тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш учун пойдевор яратади.
Шу боис, биз ушбу резолюциянинг қабул қилинишини ҳақиқатан ҳам муҳим ва ўз вақтида ташланган қадам деб ҳисоблаймиз.
Ўз навбатида, 25 та агентлик, жамғарма ва дастурни бирлаштирган БМТнинг Ўзбекистондаги жамоаси мамлакат ҳукумати билан яқин ҳамкорликни давом эттирмоқда. Биз илгари сурилаётган ташаббусларнинг, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг рўёбга чиқишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишига ва янада ижтимоий-иқтисодий тараққий этишига ўз ҳиссамизни қўшмоқдамиз.
– Мазкур резолюция мақсадларига эришишда офисингиз қандай роль ўйнайди?
– БМТ резолюциялари аъзо давлатлар томонидан қабул қилинади. Айнан шунинг учун ҳам ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатлар билан биргаликда халқаро майдонда минтақавий кун тартибини изчил илгари сураётганини ва бу борадаги етакчилик ролини яққол намоён этади.
Сўнгги йилларда биз шундай ташаббусларга кўп гувоҳ бўлдик ва бу келажакка ишонч уйғотади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котиби билан бир неча бор учрашган. Хусусан, ўтган йили уларнинг учрашуви Туркманистонда, Авазада ўтказилган денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатларга бағишланган конференция доирасида бўлиб ўтди. Ушбу учрашувлар давомида кўп томонлама ҳамкорликнинг аҳамияти доимо таъкидлаб келинган.
Бугунги кунда кўп томонламалик тамойиллари энди ўз-ўзидан табиий ҳолдек қабул қилинмаётган бир пайтда, Ўзбекистоннинг нафақат ушбу ёндашувни изчил қўллаб-қувватлаётгани, балки ўз садоқатини аниқ халқаро ташаббуслар билан ифодалаётгани ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Мамлакат умумий вазифаларни ҳал қилиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш нақадар самарали бўлиши мумкинлигини намоён этмоқда.
Бугунги кунда Марказий Осиё конструктив мулоқот ва ўзаро ишонч орқали қандай натижаларга эришиш мумкинлигининг ёрқин намунасидир. Минтақавий ҳамкорлик, аҳил қўшничилик муносабатлари ва ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатлар сув ресурслари, иқлим ўзгариши, барқарор ривожланиш каби муаммоларни ҳамда бошқа трансчегаравий хавф-хатарларни муваффақиятли ҳал этиш имконини бермоқда. Афсуски, бугунги кунда дунёнинг барча минтақаларида ҳам бундай ижобий мисолларни учратиш қийин.
Ўз навбатида, БМТнинг Ўзбекистондаги жамоаси мамлакатни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этиш ниятида. Биз Ўзбекистоннинг келгуси барқарор тараққиёти йўлида ишончли ҳамкор бўлиб қолган ҳолда, экспертиза, дастурий ва ахборот-маърифий ишлар орқали ислоҳотлар ҳамда миллий ташаббусларнинг амалга оширилишига кўмаклашишни давом эттиришга тайёрмиз.
– Сўнгги йиллардаги Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги муносабатлар ривожини қандай баҳолайсиз?
– Фикримча, ҳамкорлигимиз истиқболлари ҳақиқатан ҳам жуда яхши. Ўзбекистонда фаолият юритиш ва мамлакатнинг тараққиёт йўлидаги ҳамкори бўлиш биз учун катта шарафдир.
Албатта, резолюцияларнинг қабул қилиниши муҳим аҳамиятга эга. Бу – БМТга аъзо давлатлар глобал кун тартибини шакллантириш ва асосий жаҳон муаммоларига биргаликда ечим излаш учун ўз саъй-ҳаракатларини бирлаштирадиган муҳим бир босқич. Бироқ бевосита мамлакатнинг ўзида олиб борилаётган амалий ишлар ҳам бундан кам аҳамиятга эга эмас.
Бугунги кунга келиб БМТ тизими ва Ўзбекистон ўртасида мустаҳкам ва самарали шериклик муносабатлари шаклланган. Агентликларимиз, жамғармаларимиз ва дастурларимиз кенг кўламли йўналишларда лойиҳаларни амалга ошириб, ўтказилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватламоқда.
Яқинда биз БМТ ва Ўзбекистон ўртасидаги Ҳамкорликнинг янги ҳадли дастурини имзолаб, келгуси беш йил учун стратегик устувор йўналиш – демографик дивиденддан самарали фойдаланишга кўмаклашишни белгилаб олдик. Бу ерда гап инсон капиталига сармоя киритиш орқали мамлакатнинг ёш аҳолиси салоҳиятини имкон қадар тўлиқ рўёбга чиқариш ҳақида бормоқда.
Бу ўз ичига тиббиёт ходимларини тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва инфратузилмани ривожлантириш орқали соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлашни қамраб олади. Таълим соҳасида биз педагоглар билан ҳамкорлик қиламиз, ўқитувчиларни тайёрлаш дастурларини такомиллаштирамиз ва ёшларнинг сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга ёрдам берамиз. Ижтимоий ҳимоя соҳасида эса ташкилотимиз Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, тегишли тизимни такомиллаштиришга кўмаклашмоқда.
Атроф-муҳит ва барқарор ривожланиш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Яқинда Самарқанд Глобал экологик жамғарманинг йирик тадбирига мезбонлик қилди, бу Ўзбекистоннинг халқаро экологик кун тартибини илгари суришдаги роли ортиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади. Ишимизда экологик масалалар аҳоли фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш вазифалари билан чамбарчас боғлиқ бўлган Оролбўйи минтақасига доир ташаббуслар алоҳида ўрин эгаллайди.
Шу боис, БМТ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик кенг кўламли йўналишларни қамраб олади. Ташкилотларимиз мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этмоқда ва унинг узоқ муддатли барқарор ривожланиш мақсадларига эришишига бундан кейин ҳам кўмаклашишга тайёр.
– Суҳбат якунида аудиториямиз, хусусан, ўсиб келаётган ёш авлодга ўз мурожаатингизни йўллашингизни сўрамоқчиман.
– Ишончим комилки, ёшларнинг барча ижтимоий жараёнлардаги иштироки жуда катта аҳамиятга эга. Ёшлар ташаббускор бўлиши, ўз маҳалласи, ёшлар ташкилотлари ва маҳаллий ҳамжамиятлар ҳаётида фаол қатнашиши, мамлакат тараққиётида ўз ўрнини топишга интилиши ҳамда унинг келажагига шахсий ҳиссасини қўшиши муҳим.
Ёш авлод нафақат Ўзбекистоннинг янада тараққий этишига ҳисса қўшиши, балки унинг натижаларидан фойдаланиш учун реал имкониятларга эга бўлиши ҳам муҳимдир. Айнан ёшлар барқарор ривожланиш, инновациялар ва ижобий ўзгаришларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан биридир.
Назаримда, энг муҳими – фаол бўлиш, атрофда содир бўлаётган воқеаларга бефарқ қарамаслик, ижтимоий ҳаётда иштирок этиш ҳамда ўз ғоя ва таклифларини очиқ билдиришдир. Ёшларнинг овози эшитилиши, уларнинг ташаббуслари эса аниқ қарор ва амалий ишларда ўз ифодасини топиши лозим. Фақат шундай ёндашув билангина жамиятнинг барқарор ва инклюзив ривожланишини таъминлаш мумкин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси