Бокудан муносабат: Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг "яшил" энергия соҳасидаги минтақавий ҳамкорлиги келажакдаги глобал экологик лойиҳалар учун янги истиқболларни очади
Февраль 08, 2025. 10:54 • 2 дақ
• 223
БОКУ, 8 февраль. /"Дунё" АА/. Озарбайжон Миллий Межлиси депутати, Маданият қўмитаси раисининг ўринбосари Гюнай Эфендиева "Дунё АА" учун интервьюсида Ўзбекистон, Озарбайжон, ва Қозоғистоннинг "яшил" энергия соҳасидаги минтақавий ҳамкорлиги ҳақидаги фикрларини билдирди:
– Миллий Межлис баҳорги сессиясининг биринчи ялпи мажлисида "Озарбайжон Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида "яшил" энергияни ривожлантириш ва узатиш соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги битимни" ратификация қилинди. Ушбу битим Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон Президентлари томонидан ўтган йилнинг ноябрь ойида Озарбайжонда бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича ҳадли конвенцияси (CОР29) иштирокчилари конференциясининг 29-сессияси доирасида имзоланган эди.
CОР29 глобал мунозаралар ва ҳамкорлик учун муҳим платформа бўлиши билан бирга туркий мамлакатлари учун янги стратегик иттифоқ ва шерикликка киришиш учун имкониятлар яратди.
Бир қатор йирик давлатлар билан солиштирганда, Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон атроф-муҳит ифлосланишининг умумий даражасига камроқ таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, давлатларимиз экологик муаммолар ва муҳим экологик инқирозларга айниқса сезгир. Бу ҳақиқатан ҳам таҳсинга сазовордир.
Маълумки, Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида салмоқли салоҳиятга эга ва глобал энергия алмашинувига ҳисса қўшишга қодир. Ушбу келишувнинг амалга оширилиши натижасида шамол ва қуёш энергияси Европага янги "яшил" энергия коридори орқали узатилади. Демак, мазкур лойиҳа турли соҳаларда ишончли ҳамкор сифатида ҳаракат қилаётган, глобал муаммоларни ҳал этиш йўлида биргаликда одимлаётган туркий давлатларнинг ҳамфикр эканлигининг ифодасидир.
Шуни алоҳида таъкидлашни керакки, ушбу келишув доирасида мамлакатларимиз Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ, шунингдек, Европа ва Осиё ўртасидаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар очишда муҳим роль ўйнайди. Бу, ўз навбатида, Ўрта йўлакнинг бир қисми сифатида "яшил кўприк"нинг ривожланишини тезлаштиради.
Шундай қилиб, Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг "яшил" энергия соҳасидаги минтақавий ҳамкорлиги келажакдаги глобал экологик лойиҳалар учун янги истиқболларни яратади.
Ўйлайманки, мазкур келишув доирасидаги ҳамкорлик Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида тажриба алмашиш ва инновацион технологияларни жорий этишни кучайтиради. Шунингдек, мамлакатларимизнинг энергетик хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш учун шароит яратади. Бундан ташқари, мазкур ҳужжат янги иш ўринлари ташкил этиш, технологик ва иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатларимиз ўртасидаги долзарб глобал муаммолар бўйича ҳамкорлик муштарак тарих, маданий-маънавий қадриятлар, тил ва динга асосланган туркий дунё бирлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонаман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Туркиядан муносабат: Тошкент фаол, дадил ва прагматик дипломатияни танламоқда
Эксперт нуқтаи назари: Марказий Осиё ва Россия – янги форматдаги кўп томонлама ҳамкорлик