Logo

Покистон ОАВ: Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиё Оқсоқоллар кенгашини ташкил этиш ташаббуси минтақавий хавфсизлик нуқтаи назаридан превентив дипломатия вазифасини бажаришга қодир

Декабрь 24, 2025. 08:15 • 3 дақ

101
Покистон ОАВ: Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиё Оқсоқоллар кенгашини ташкил этиш ташаббуси минтақавий хавфсизлик нуқтаи назаридан превентив дипломатия вазифасини бажаришга қодир
Покистон ОАВ: Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиё Оқсоқоллар кенгашини ташкил этиш ташаббуси минтақавий хавфсизлик нуқтаи назаридан превентив дипломатия вазифасини бажаришга қодир
Покистон ОАВ: Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиё Оқсоқоллар кенгашини ташкил этиш ташаббуси минтақавий хавфсизлик нуқтаи назаридан превентив дипломатия вазифасини бажаришга қодир

ИСЛОМОБОД, 24 декабрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Pakistan Today” ва “Daily Ittehad” газеталарида, “The Diplomatic Insight”, “MNN News”, “Diplomatic Affairs”, “Urdu.MNN News”, “News Network Pakistan” электрон нашрларида Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматовнинг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё Оқсоқоллар кенгашини таъсис этиш таклифининг мазмун-моҳиятига бағишланган шарҳи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиё Оқсоқоллар кенгашини ташкил этиш ташаббуси ҳақиқатан ҳам алоҳида эътиборга лойиқ, чунки у одатий институционал ечимлар доирасидан чиқиб, минтақамизнинг чуқур ижтимоий ва маданий мантиғига таянади. Гап расмий орган ёки сиёсий тузилма ҳақида эмас, балки Марказий Осиё жамиятларининг барқарорлиги ва ички уйғунлигини тарихан таъминлаб келган ижтимоий келишув механизмларига қайтиш ҳақида бормоқда, – дейди СМТИ директорининг биринчи ўринбосари. – Марказий Осиё жамиятлари тарихан ижтимоий тинчликни сақлаш, низоларни ҳал қилиш ва келишилган ечимларни ишлаб чиқиш механизми сифатида оқсоқоллар институтига таянган”.

Қайд этилишича, расмий-юридик тузилмалардан фарқли ўлароқ, оқсоқоллар ишонч, тажриба, анъаналарни билиш ва жамият томонидан тан олинишга асосланган қонунийликка эга эдилар. Ижтимоий холисликнинг айнан шу шакли сиёсий ўзгаришлар, ташқи таҳдидлар ва ички зиддиятлар шароитида ҳамжамиятларнинг барқарорлигини таъминлади.

Эксперт таъкидига кўра, ушбу мантиқни минтақавий даражага кўчириш давлатлараро мулоқотнинг ўзига хос норасмий йўналишини яратишга имкон беради, бу эса ҳозирги сиёсий вазиятнинг босими, мафкуравий тафовутлар ва ташқи таъсирлардан холи бўлади. Оқсоқоллар кенгаши расмий институтларнинг ўрнини босмайди ва давлат органлари билан рақобатлашмайди, балки уларни тўлдиради, расмийлаштиришга тайёр бўлмаган нозик масалалар муҳокама қилиниши мумкин бўлган ишончли мулоқот майдонини яратади.

“Минтақавий хавфсизлик нуқтаи назаридан, Оқсоқоллар кенгаши превентив дипломатия вазифасини бажаришга қодир. Унинг аъзолари юксак маънавий обрў-эътиборга ва минтақавий хусусиятларни чуқур билиш, кескинлашув хавфини ўз вақтида аниқлаш, вазиятни юмшатиш, инқирозли ҳолатларда воситачилик қилиш ва муаммолар очиқ босқичга ўтмасидан аввал муросали ечимларни таклиф этиш қобилиятига эгадирлар. Бундай ёндашув можароларнинг олдини олишнинг энг яхши халқаро тажрибаларига мос келиб, шу билан бирга Марказий Осиёнинг ўзига хос анъаналарига асосланган”, – дея урғулаган Акромжон Неъматов.

У, шунингдек, Оқсоқоллар кенгаши минтақавий қадриятлар – яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик, муроса ва тинч-тотув яшашнинг тарғиботчиси ва ифодачисига айланиши мумкинлигини таъкидлаган.

Бундан ташқари, Оқсоқоллар кенгашининг маслаҳатчи сифатидаги роли узоқ муддатли ва оқилона қарорлар қабул қилишга кўмаклашади. Оқсоқоллар бир лаҳзалик сиёсий ҳисоб-китобларга эмас, балки тарихий тажриба, маданий хотира ва жамоатчилик кайфиятини тушунишга таяниб, умумий минтақанинг барқарор ривожланишига қаратилган тавсиялар бера оладилар. Бу, айниқса, сув-энергетика ресурслари, экологик таҳдидлар, миграция, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлик ва гуманитар ҳамкорлик масалаларида муҳим аҳамиятга эга.

СМТИ директорининг биринчи ўринбосари ўз фикрларини «Умуман олганда, Оқсоқоллар кенгашини умумий тарихий йўл, умумий муаммолар ва умумий келажак учун масъулият билан бирлашган Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва субъективлигини мустаҳкамлаш воситаси сифатида кўриш мумкин. Ушбу ташаббуснинг стратегик қиймати ҳам айнан шунда», – деган сўзлар билан якунлаган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dildora Azimova

dildora@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш