Россиянинг “Первый канал”ида Самарқанд ҳақида махсус кўрсатув намойиш этилди
Декабрь 24, 2025. 10:54 • 2 дақ
• 124Москва, 23 декабрь. /“Дунё” АА/. Россиянинг “Первый канал” телеканали эфирида Самарқандга бағишланган машҳур “Повара на колесах” (Ғилдиракли ошпаз) кўрсатувининг махсус сони намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон ҳақидаги ушбу кўрсатув мамлакатимизнинг Россиядаги элчихонаси ва Туризм қўмитаси томонидан ташкил этилган медиа-тур доирасида суратга олинган. Телеканал ижодий гуруҳи 2025 йилнинг 12–18 сентябрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб, суратга олиш ишларини олиб борган.
Россиялик машҳур ошпазлар минг йиллик тарихга ва бой гастрономик маданиятга эга Самарқанд шаҳрида бўлиб, Россиядан келаётган сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш мақсадида юртимизнинг пазандачилик ва сайёҳлик жозибадорлиги ҳамда унинг бой маданияти ҳақида сўзлаб берди.
Саёҳат шаҳарнинг диққатга сазовор масканлари: Регистон майдони, Гўри Амир мақбараси ва Амир Темур ҳайкали бўйлаб сайр қилишдан бошланди. Шундан сўнг, ошпазлар ўзбек хонадонига меҳмонга таклиф қилинди. У ерда хонадон эгалари билан биргаликда палов ва нон тайёрланди ҳамда фольклор ансамблининг чиқишини томоша қилди. Кун якунида улар “Конигил” туризм қишлоғи ва “Мерос” қоғоз фабрикасида бўлди. Кўрсатув финалида ошпазлар Регистон майдонида Самарқандча палов тайёрлади ва уни маҳаллий аҳоли ҳамда шаҳар меҳмонларига тарқатди.
Мазкур пазандачилик шоуси россиялик томошабинлар орасида катта қизиқиш уйғотиб келмоқда. Кўрсатувнинг федерал ва минтақавий ОАВлардаги умумий томошабинлари сони 18 миллиондан ортиқ кишини ташкил этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
“Ўзбекистон покистонлик фотосуратчилар нигоҳида” фотокўргазмаси Покистон ОАВда кенг ёритилди
“Тhe Times”: Нима учун маданият шайдолари Ўзбекистон сари ошиқмоқда?








