Варшавада “Чой фестивали” доирасида ўзбек маданияти тарғиб қилинди

Май 12, 2026. 09:55 • 2 дақ

102
Варшавада “Чой фестивали” доирасида ўзбек маданияти тарғиб қилинди
Варшавада “Чой фестивали” доирасида ўзбек маданияти тарғиб қилинди
Варшавада “Чой фестивали” доирасида ўзбек маданияти тарғиб қилинди
Варшавада “Чой фестивали” доирасида ўзбек маданияти тарғиб қилинди

ВАРШАВА, 12 май. /“Дунё” АА/. Польша пойтахтида Осиё ва Тинч океани музейи билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг маданий ва туристик салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган “Чой фестивали” ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу маданий-маърифий тадбир Осиё халқларининг бой маданий меросини тарғиб қилиш, халқлар ўртасида мулоқот ва ўзаро англашувни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.

Унда дипломатик корпус вакиллари, илмий-академик доиралар намояндалари, маданият ва санъат соҳаси мутахассислари, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Фестиваль доирасида музейнинг Ўзбекистон экспозицияси масъули Каролина Кшивицка ва элчихона дипломатлари томонидан ўзбек чой маданиятининг бой анъаналари тақдим этилди.

Хусусан, чойхона феномени муҳим ижтимоий макон сифатида алоҳида таъкидланди. Қайд этилганидек, Ўзбекистонда чойхона нафақат чой ичиладиган жой, балки ўзига хос мулоқот муҳити ҳамдир. Бу ерда инсонлар дўстона суҳбат қуради, янгиликлар билан ўртоқлашади ва ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлайди.

Шунингдек ўқинг

Шу билан бирга, чой маданияти билан чамбарчас боғлиқ бўлган ўзбек гастрономиясига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Меҳмонларга миллий меҳмондўстлик анъаналарини ўзида акс эттирган таомлар ва дастурхон маданияти намойиш этилди.

Тадбир давомида анъанавий ҳунармандчилик, хусусан, Фарғона водийси кулолчилик мактаблари ҳақида ҳам маълумот берилди. Иштирокчилар ўзбек кулолларининг маҳорати ва чой тортишда қўлланиладиган анъанавий идишларни тайёрлашдаги ўзига хос услублар билан танишди.

Фестиваль доирасида турли маърузалар, мастер-класслар ва тақдимотлар ўтказилди. Уларда чой турлари, уни тайёрлаш усуллари, Осиё мамлакатларидаги чой ичиш анъаналари ва маросимлари ҳақида сўз юритилди. Чой нафақат ичимлик, балки муҳим маданий, ижтимоий ва иқтисодий феномен экани таъкидланди.

Тадбир Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг бой миллий меросига бўлган қизиқишни оширишга хизмат қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш