Россиянинг "Биринчи канал" телеканалининг оммабоп "Ғилдиракдаги ошпазлар" дастури ижодий жамоаси Ўзбекистонда
Сентябрь 16, 2025. 19:25 • 58 сония
• 152
МОСКВА, 16 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси ва Туризм қўмитаси ҳамкорлигида 12-18 сентябрь кунлари Россиянинг "Биринчи канал" телеканалининг оммабоп "Ғилдиракдаги ошпазлар" ("Повара на колесах") кўрсатуви ижодий жамоасининг Ўзбекистонга сафари ташкил қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Кўрсатув ижодий гуруҳи суратга олиш учун Ўзбекистоннинг гастрономик ва сайёҳлик салоҳиятини Россияда кенг тарғиб қилиш, ушбу мамлакатдан келаётган сайёҳлар сонини янада ошириш мақсадида Самарқанд ва Тошкент шаҳарларининг диққатга сазовор жойлари ва сайёҳлик масканларида бўлди.
Саёҳат "Биринчи канал" телеканалининг "Ғилдиракдаги ошпазлар" кўрсатувининг мамлакатимизнинг гастрономик ва сайёҳлик жозибадорлиги, бой маданияти ҳақида махсус сонини суратга олиш билан якунланади.
Кўрсатув ижодкорлари мамлакатимиз ҳудудларининг ўзига хос ошхонаси ва анъанавий таомларb билан танишади, маҳаллий бозорларни кўздан кечиради. Маҳаллий гастромаданиятдан илҳомланган рус ошпазлари эса ўзларининг энг яхши таомларини тайёрлайдилар.
Ҳар бир дастур сўнггида Россиядан келган машҳур ошпазлар ўртасида танлов ўтказилади. Улар озиқ-овқат юк машинасини Самарқанд ва Тошкент шаҳарларининг диққатга сазовор жойларига тўхтатиб, ўзлари танлаган маҳаллий таомлардан бирини тайёрлайди. Ғолиб номи маҳаллий аҳоли ўртасида ўтказиладиган овоз бериш орқали танланади.
Қайд этиш жоизки, "Ғилдиракдаги ошпазлар" шоуси россиялик томошабинларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Кўрсатув томошабинларнинг умумий сони 18 миллион кишидан ошади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси