Таваккал Қодиров таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш ЮНЕСКОнинг халқаро юбилейлар рўйхатига расман киритилди
Декабрь 16, 2025. 13:50 • 2 дақ
• 181
ПАРИЖ, 16 декабрь. /“Дунё” АА/. ЮНЕСКО томонидан 2026–2027 йилларда нишонланадиган халқаро юбилейлар рўйхатига Таваккал Қодиров таваллудининг 100 йиллиги расман киритилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Таваккал Қодиров таваллудининг 100 йиллигини 2026–2027 йилларда ЮНЕСКО доирасида нишонланадиган халқаро юбилейларга рўйхатига қўшиш бўйича Ўзбекистоннинг (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия ва Туркманистон қўллаб-қувватлови билан) таклифи Самарқанд шаҳрида ўтказилган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясида маъқулланган эди.
ЮНЕСКОнинг мазкур қарори атоқли ўзбек қўшиқчиси Таваккал Қодировнинг мусиқа, қўшиқчилик санъати ва маданият соҳаларининг ривожи ҳамда шу орқали ЮНЕСКО мақсад-вазифаларини илгари суришга қўшган беқиёс ҳиссасига халқаро ҳамжамият томонидан берилган юқори баҳонинг ёрқин намунаси бўлди.
Ўзбек халқининг ардоқли фарзанди, бетакрор истеъдод соҳиби Таваккал Қодиров қўшиқчилик санъати ривожига салмоқли ҳисса қўшган ҳофиз эди. У 1926 йилнинг 10 июнида Қува туманидаги Султонобод қишлоғида Қодир ота ва Тўти буви оиласида таваллуд топган.
1989 йилда ўзбек қўшиқчилик санъатини ривожлантиришга қўшган катта хизматлари учун унга “Ўзбекистон халқ артисти” унвони берилган. Таваккал Қодиров фаолияти давомида Фарғона давлат филармониясига кўп йиллар раҳбарлик қилиб, халқимиз меҳр-муҳаббатини қозонди. У ўз қўшиқлари билан Марказий Осиёгагина эмас, балки бутун дунёга халқимиз довруғини ёйди. Юздан зиёд кўшиқлари ўзбек санъатининг олтин фондидан жой олди.
Ҳофиз эрон, ҳинд, арман, озарбайжон, уйғур, араб каби жаҳон халқларининг кўп тилларида қўшиқлар яратиб, юртимиз ва жаҳонда минглаб санъат ихлосмандларининг таҳсинига сазовор бўлган.
2026–2027 йилларда Таваккал Қодиров таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш – турли халқаро ва маҳаллий тадбирларни ташкиллаштириш, ўзбек мусиқа ва қўшиқчилик санъатининг буюк намоёндасининг ижодий мероси ва халқимизнинг бетакрор маданиятини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш имконини беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Тожикистон театрида ўзбек спектакли намойиш қилинди
Германия пойтахтида ўзбек сўзаналари кўргазмаси ташкил этилди
Польшада “Аёл қисмати” ўзбек фильми премьераси бўлиб ўтди
“Анна Герман қўшиқлари” фестивалида юртдошларимиз совриндор бўлди