Ўзбек фильми Лондонда нуфузли мукофотга сазовор бўлди
Декабрь 01, 2025. 09:20 • 2 дақ
• 182ЛОНДОН, 1 декабрь. /“Дунё” АА/. Лондонда ўтказилган нуфузли кинофестивалда ўзбекистонлик истеъдодли режиссёр Элдор Йўлдашев томонидан тасвирга олинган “Тайметов: ғалаба парвози” («Taymetov: The Forgotten Hero») номли ҳужжатли фильм совриндор бўлди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тошкент аэропорти тарихи ҳақида архив тадқиқотларга асосланиб яратилган мазкур ҳужжатли фильм Лондондаги “Independent International Film Festival & Awards – SIFFA UK” кинофестивали доирасида “Piccadilly Vue Cinema” кинотеатрида намойиш қилинди.
SIFFA – бу халқаро мустақил кинофестиваль ва мукофотлар платформаси бўлиб, кино, санъат ва адабиёт орқали маданий мулоқот ва глобал тушунишни ривожлантиришга қаратилган.
SIFFAнинг бу галги тақдирлаш маросимида “Тайметов: ғалаба парвози” фильми “Энг яхши ҳужжатли фильм” номинацияси бўйича ғолиб деб топилди.
Ушбу фильм иккинчи жаҳон уруши давридаги муҳим воқеаларда иштирок этган, Ўзбекистоннинг биринчи ҳарбий ва фуқаролик учувчиси, Тошкент аэропортининг илк директори ҳамда қаҳрамон учувчи Абдусамат Тайметовга ҳаёти ва меҳнат фаолиятига бағишланган.
Маълумотларга кўра, Абдусамат Тайметов иккинчи жаҳон уруши йилларида юздан ортиқ жанговар парвозни амалга оширган. У ҳавода фронт чизиғини кесиб ўтиб, душман орқасидаги партизанларга озиқ-овқат ва қурол-яроғ етказиб берган ёки разведкачиларни манзилга етказган.
“Тайметов: ғалаба парвози” фильмининг премьераси шу йилнинг май ойида Москвада бўлиб ўтган “Маданиятлар мулоқоти” медиа-форумида бўлиб ўтган эди.
Қисқа вақт ичида ушбу ҳужжатли фильм бир нечта ютуқларни қўлга киритди: “Олтин Рицарь” халқаро кинофорумида энг яхши дебют, “Yevroosiyo-Kinofest” фестивалида матбуот мукофоти ҳамда “Маданиятлар мулоқоти” медиа-форумида махсус диплом билан тақдирланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Тожикистон театрида ўзбек спектакли намойиш қилинди
Германия пойтахтида ўзбек сўзаналари кўргазмаси ташкил этилди
Польшада “Аёл қисмати” ўзбек фильми премьераси бўлиб ўтди


