Даниядаги маданий фестивалда Ўзбекистон стенди иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди
Ноябрь 18, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 127ОРХУС, 18 ноябрь. /“Дунё” АА/. Даниянинг Орхус шаҳридаги “Dokk1” маданий марказида ўтказилган халқлар фестивали доирасида Ўзбекистоннинг миллий маданий стенди ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Стенд “Ўзбек ташаббуслари” ассоциацияси томонидан Ўзбекистоннинг Стокголм шаҳридаги элчихонаси, Ҳунармандлар уюшмаси ва Амалий санъат ижодий уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбир кўплаб хорижий меҳмонлар ва ташриф буюрувчиларни бир жойга жамлади. “Ўзбек ташаббуслари” ассоциацияси фаоли Марифат Акбарованинг ўзбек миллий нақшлари ҳақидаги тақдимоти иштирокчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Тақдимот tbc-ornaments.uz платформаси материаллари, Амалий санъат ижодий уюшмаси томонидан тайёрланган нақшлар, шунингдек, машҳур уста-кулол Шокиржон Мингбошининг Риштон кулолчилик намуналаридан иборат бўлди. Тадбирдан сўнг мазкур материаллар ижтимоий тармоқларда кенг тарқатилди.
Шуни таъкидлаш жоизки, келаси йилнинг апрель ойида ушбу маданий марказда Амалий санъат ижодий уюшмаси билан ҳамкорликда ўзбек амалий санъат усталарининг маҳорат дарслари ва кўргазмаларини ўтказиш режалаштирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



