Ўзбекистон CCPI 2027 халқаро иқлим рейтингида 43-ўринга кўтарилди
Ноябрь 18, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 51ТОШКЕНТ, 18 ноябрь. / “Дунё” АА/. Ўзбекистон “Climate Change Performance Index” (CCPI 2027) халқаро рейтингида 43-ўринни эгаллаб, ўтган йилга нисбатан ўз позициясини 10 поғонага яхшилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу кўрсаткич мамлакатимизнинг мазкур рейтингдаги иштироки давомида қайд этган энг юқори натижаси ҳисобланади.
“Germanwatch” ва “NewClimate Institute” халқаро таҳлилий ташкилотлари томонидан тайёрланган тадқиқот натижалари 2026 йил ноябрь ойида Туркиянинг Анталия шаҳрида БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси Томонларининг 31-конференцияси (COP31) ўтказилаётган даврда эълон қилинди.
Баҳолаш тўртта асосий йўналиш – иссиқхона газлари ташламалари, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш, энергия истеъмоли ҳамда давлатнинг иқлим сиёсати бўйича амалга оширилади.
Мамлакатимиз CCPI рейтингига илк бор 2024 йилда киритилиб, 48-ўринни эгаллаган. 2025 йилда мамлакат 54-ўринда, 2026 йилда эса 53-ўринда қайд этилган.
Ўзбекистоннинг рейтингдаги позицияси яхшилангани атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, энергетикага ўтиш ва иссиқхона газлари ташламаларини қисқартириш соҳаларида кенг кўламли ислоҳотларнинг изчил амалга оширилаётгани фонида қайд этилмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатда давлат иқлим сиёсатининг янги қонунчилик ва институционал асослари шакллантирилди. Янгиланган Миллий даражада белгиланадиган ҳисса (NDC 3.0) доирасида Ўзбекистон иқлим бўйича мажбуриятларини кучайтириб, 2035 йилга қадар ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари ташламаларини 2010 йил даражасига нисбатан 50 фоизга қисқартириш мақсадини белгилади.
Қайта тикланувчи энергетика жадал суръатларда ривожлантирилмоқда, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда, энергия тежовчи технологиялар ва иқлимий молиялаштиришнинг замонавий механизмлари жорий этилмоқда.
Метан ташламаларини камайтириш, саноат ва энергетика соҳаларида энергия самарадорлигини ошириш, ташламаларни мониторинг қилиш, ҳисобот бериш ва верификация қилиш (МРВ) миллий тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
CCPI давлатларнинг иқлим ўзгаришига қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатларини мустақил баҳолашга хизмат қилувчи халқаро воситалардан биридир. Рейтинг глобал иссиқхона газлари чиқиндиларининг 90 фоиздан ортиғи тўғри келадиган мамлакатларни қамраб олади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

