25–27 ноябрь кунлари Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида туризм ва бизнес вакиллари жам бўлади
Ноябрь 18, 2026. 11:00 • 4 дақ
• 13
ТОШКЕНТ, 18 ноябрь. /“Дунё” АА/. 25–27 ноябрь кунлари пойтахтимиздаги “CAEx Uzbekistan” кўргазмалар марказида 31-Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси – “Ипак йўлида туризм – TITF 2026” бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур ярмаркада дунёнинг 20 мамлакатидан туризм йўналишлари, туроператорлар ва авиакомпаниялар бир майдонда жамланади.
Тадбир Ўзбекистон Туризм қўмитаси, Миллий PR-марказ, “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси ҳамда БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UN Tourism) ҳамкорлигида ташкил этилади.
TITF – Марказий Осиё туризм соҳасидаги муҳим воқеалардан бири бўлиб, давлат, бизнес ва халқаро ҳамкорлар ўртасида мулоқот олиб бориш учун муҳим майдон ҳисобланади. Бу ерда миллий туризм ташкилотлари, туроператорлар, авиакомпаниялар ва инвесторлар янги сайёҳлик йўналишлари ҳамда қўшма лойиҳаларни муҳокама қилади.
Саёҳатчилар ўзлари учун янги манзилларни кашф этиш, мамлакатлар вакиллари билан бевосита мулоқот қилиш ва навбатдаги сафарлари учун янги ғоялар ҳамда таклифлар олиш имкониятига эга бўлади.
Кўргазмада Беларусь, Германия, Грузия, Ҳиндистон, Латвия, Малайзия, Малдив ороллари, Нидерландия, Озарбайжон, Қирғизистон, Россия, Таиланд, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Вьетнам, Хитой/ Гонконг, Ўзбекистон ва Чехия каби мамлакатлардан 300 дан ортиқ компания иштирок этади.
Жорий йилги ярмарканинг марказий воқеаларидан бири Халқаро туризм инвестиция форуми бўлиб, у туризм соҳаси вакиллари, инвесторлар, бизнес ҳамжамияти ҳамда халқаро ҳамкорларни бир майдонда жамлайди.
Форум туризм соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилиш, янги ҳамкорлик имкониятларини излаш ва истиқболли ташаббусларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашиш учун муҳим мулоқот майдонига айланади.
Ярмарка доирасида қуйидагилар тақдим этилади:
- янги сайёҳлик йўналишлари ва маршрутлар – тропик ороллар ва денгизбўйи курортларидан тортиб, ранг-баранг шаҳар саёҳатлари ҳамда маданий турларгача;
- туроператорлар, авиакомпаниялар, меҳмонхоналар ва курортлар томонидан тақдим этиладиган махсус таклифлар ва манфаатли шартлар;
- санаторий-курорт ва соғломлаштириш масканларида дам олиш, Аюрведа, терини парваришлаш хизматлари;
- экологик ва гастрономик туризм;
- мамлакатларнинг миллий стендлари, уларда ҳудудлар тақдимотлари, миллий ҳунармандчилик намуналари ва миллий таомлар намойиш этилади;
- туризм соҳасидаги инвестиция лойиҳалари ва халқаро ҳамкорлик имкониятлари.
TITF-2026 экспозициясида миллий туризм ташкилотлари, туроператорлар, авиакомпаниялар, меҳмонхоналар тармоқлари, курортлар ва тревел-теч компаниялари ўз хизматлари ва имкониятларини намойиш этади.
Асосий эътибор янги сайёҳлик йўналишлари ва маршрутларини тақдим этиш, халқаро туристик алоқаларни мустаҳкамлаш, маданий, гастрономик ва соғломлаштириш туризмини ривожлантириш, шунингдек, саёҳатларни янада қулай ва осон ташкил этишга хизмат қилувчи рақамли ечимларга қаратилади.
Дастурдан мамлакатлар ва Ўзбекистон ҳудудлари тақдимотлари, B2B форматидаги учрашувлар, форумлар, соҳа экспертлари иштирокидаги панель мунозаралари, ҳунармандчилик кўргазмаси ҳамда миллий таомларнинг гастрономик тақдимотлари ўрин олган.
Меҳмонларни Озарбайжон, Беларусь, Гонконг (Хитой), Грузия, Қирғизистон, Малайзия, Таиланд, Туркия ва Чехиянинг ёрқин миллий павильонлари кутмоқда. Аджария (Грузия) Қора денгиз бўйи минтақасининг курорт имкониятлари ва янги туристик маҳсулотларини тақдим этади.
Беларусь санаторий-курорт масканларида дам олиш, маданий мерос объектлари, экологик ва гастрономик саёҳат йўналишлари билан таништиради. Малайзия ўзининг “Visit Malaysia 2026–2027” миллий кампанияси билан иштирок этиб, замонавий мегаполислар, тропик табиат ва орол курортларининг бетакрор уйғунлигини намойиш этади.
Гонконг “Фақат Гонконгда” лойиҳаси доирасида меҳмонларни йилнинг исталган фаслида юзлаб таассуротлар ҳадя этадиган, ўзига хос жозибага эга шаҳарни кашф этишга чорлайди.
Кўргазмада Ўзбекистоннинг барча 14 та ҳудуди, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳам кенг кўламда ва ёрқин тарзда намойиш этилади. Туризм соҳаси мутахассислари, экспертлар ва профессионал иштирокчилар маҳаллий туризм бозори вакиллари ва халқаро ҳамкорлар билан учрашиш, бевосита мулоқот ўрнатиш ва янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятига эга бўлади.
TITF-2026 туризм соҳаси мутахассислари, бизнес вакиллари ва дипломатик корпус аъзоларини турли мамлакатларнинг миллий туризм ташкилотлари ҳамда компаниялари билан бевосита алоқалар ўрнатиш, қўшма лойиҳалар ва истиқболли сайёҳлик йўналишларини муҳокама қилиш учун бир майдонда жамлайди.
Саёҳатчилар учун ярмарка уч кун давомида ўнлаб янги сайёҳлик манзиллари билан танишиш, туроператорлар ва авиакомпаниялар таклифларини ўзаро таққослаш ҳамда навбатдаги таътил учун энг мақбул саёҳат вариантини танлаш имкониятидир.
Ярмаркага ташриф буюриш учун онлайн рўйхатдан ўтиш ва ташриф буюрувчи бейджини олиш лозим: https://titf.uz/uz/visit-the-exhibition
Тел.: 71 205-14-14.
Сайт: www.titf.uz
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси