Бурсада ўзбек маданияти ва туризми намойиш қилинди
Апрель 08, 2026. 08:55 • 2 дақ
• 281
БУРСА, 8 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан Турикянинг Бурса Улудағ университетининг Алишер Навоий ўзбек тили ва маданияти маркази ҳамкорлигида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва туризм салоҳиятини кенг жамоатчиликка танитиш, икки давлат ўртасида дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилди.
Тадбирда элчихона дипломатлари, университет раҳбарияти, талабалар, ўзбек диаспораси вакиллари, маҳаллий туристик компаниялар ходимлари иштирок этди.
Иштирокчилар Ўзбекистоннинг бой тарихи, ноёб маданий мероси ва туризм имкониятлари ҳақида фикр алмашди. Сўзга чиққанлар, халқаро миқёсда мамлакат имижини тарғиб қилиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Учрашув давомида Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Туркиянинг Ҳатай вилоятидаги зилзиладан жабр кўрган 160 нафар фуқаронинг Ўзбекистонга таклиф қилиниб, Наврўз байрамини биргаликда нишонлагани эътироф қилинди.
Мамлакатимизнинг туризм имкониятларига бағишланган тақдимот иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, “Doris Tour” компанияси раҳбари Кадир Генч Ўзбекистонга туристларни жалб этиш мақсадида янги ва ўзига хос турлар ишлаб чиқилаётганини маълум қилди. Элчихона томонидан турк тилида нашр этилган “Ўзбекистонга ташрифнинг 10 сабаби” номли журналлар иштирокчиларга тақдим этилди.
Тадбирнинг маданий қисми Қорақалпоқ миллий ўтовида давом эттирилди. Меҳмонларга ўзбек миллий таоми – палов тортиқ қилинди. Учрашув элчихона томонидан тайёрланган концерт дастури билан якунланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси