Logo

Деҳлида ўзбекистонлик ёш ижодкор қизларнинг янги тўплами тақдим қилинди

Апрель 01, 2026. 08:55 • 2 дақ

272
Деҳлида ўзбекистонлик ёш ижодкор қизларнинг янги тўплами тақдим қилинди

ДЕҲЛИ, 1 апрель. /“Дунё” АА/.  Ҳиндистоннинг Манав Рачна университети ва ENN360 ташкилоти билан ҳамкорликда ўзбекистонлик ёш ижодкор қизларнинг инглиз тилида чоп этилган “Uzbekistan, through her eyes: Stories from the Silk Road” (“Ўзбекистон унинг нигоҳида: Ипак йўли ҳикоялари”) номли китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон элчихонаси ходимлари, университет раҳбарияти, илмий-академик ва маданий-гуманитар доиралар вакиллари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Ушбу китоб сўнгги икки йил ичида Ҳиндистонда ўзбекистонлик ёш ижодкорларнинг инглиз тилида нашр этилган учинчи адабий лойиҳаси бўлгани таъкидланди.

Бундан роппа-роса бир йил аввал Деҳли шаҳрида “Ўзбекистон маданий манзараси: Ўзбекистоннинг истеъдодли хотин-қизлари қаламига мансуб ҳикоялар, шеърлар ва мақолалар” тўплами тўплам кенг жамоатчиликка тақдим этилган эди.

Шунингдек, ўтган йил декабрь ойида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир Шуҳрат Орифнинг «The Flying Leaf» («Учаётган япроқ») деб номланган китоби Ҳиндистон пойтахтида «VK Global Publications» нашриёт уйи томонидан чоп этилди.

Шунингдек ўқинг

Янги нашр ушбу адабий анъананинг мантиқий давоми бўлиб, ҳинд китобхонларини Буюк ипак йўли мероси ва замонавий Ўзбекистон ҳаёти билан яқиндан таништиришга хизмат қилади.

Тақдимот анжуманида сўзга чиққанлар мазкур ташаббусни икки халқ ўртасидаги «маънавий кўприк» деб атади ва бугунги кунда Ўзбекистонда таълим олаётган 15 минг нафардан зиёд ҳиндистонлик талабалар ҳамда Ҳиндистон университетларида таҳсил кўраётган ўзбекистонлик ёшлар ўзига хос «маданият элчилари» эканини қайд этди.

Икки мамлакат ёшларининг бу каби ижодий ҳамкорлиги Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқишда янги авлод вакиллари муҳим масъулиятни ўз зиммасига олаётганидан далолат беради.

Манав Рачна университети ва ENN360 ташкилотига Ўзбекистон адабиёти ва маданиятини Ҳиндистонда кенг тарғиб қилишдаги фаол кўмаги учун алоҳида миннатдорлик билдирилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш