Logo

Осакада Самарқанд ва Буюк ипак йўлига бағишланган кўргазма иш бошлади

Март 24, 2026. 15:18 • 2 дақ

162
Осакада Самарқанд ва Буюк ипак йўлига бағишланган кўргазма иш бошлади

ОСАКА, 24 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон делегацияси Японияда ташкил этилган “Буюк Ипак йўли савдогарлари: Самарқанд ёдгорликлари ва Евроосиё алоқалари” номли махсус кўргазмада иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу кўргазманинг тантанали очилиш маросими Осака шаҳридаги Этнология миллий музейида ўтказилди. Унда Япониянинг қатор музейлари, ҳукумат идоралари, илмий доиралар, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация тадбирларда фаол иштирок этди. Кўргазма экспозицияда 200 дан ортиқ музей экспонати намойиш этилган бўлиб, уларнинг аксарияти Ўзбекистондан олиб келинган. У 1000 квадрат метрдан ортиқ майдонни эгаллаб, савдогарларнинг Марказий Осиё тарихидаги ўрни ҳамда Буюк ипак йўлининг маданий ва цивилизациявий алмашинув маркази сифатидаги аҳамиятини ёритиб беради.

Этнология миллий музейи директори Секи Юдзи ушбу кўргазманинг Японияда ташкил этилгани катта аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, бу орқали япон жамоатчилигига Ўзбекистоннинг бой ва бетакрор тарихи ҳамда маданиятини кенг намойиш этиш имконияти яратилганини қайд этди.

Шунингдек ўқинг

Экспозицияда Сўғд савдосининг муҳим марказларидан бири бўлган Самарқандга алоҳида эътибор қаратилган. Тақдим этилган экспонатлар орасида Ўзбекистон ва Япония қўшма археологик экспедициялари натижасида Кофирқалъа ёдгорлигидан топилган ноёб ашёлар ҳам ўрин олган.

Таъкидланганидек, мазкур кўргазма икки мамлакат ўртасида археология, реставрация ва музейшунослик соҳаларидаги кўп йиллик илмий ҳамкорлик натижаларини намойиш этади. Лойиҳа доирасида маърузалар, семинарлар, маҳорат дарслари, кино намойишлари ва бошқа маданий тадбирларни ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Шу йил 19 мартдан 2 июнгача давом этадиган кўргазма давомида нафақат Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини тарғиб қилиш, балки Япония билан маданий ва илмий алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни ривожлантириш режалаштирилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш