Душанбеда “Тожикистон ўзбек адабиёти антологияси” китобининг тақдимоти ўтказилди
Май 22, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 143ДУШАНБЕ, 22 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида “Ватандошлар” жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида нашр этилган “Тожикистон ўзбек адабиёти антологияси” китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда мамлакатимиз элчиси Эргаш Шаисматов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Салим Ашур, Ўзбекистон тожик миллий маданий маркази раиси Гуландом Субҳанова, “Ватандошлар” жамоат фонди масъул ходимлари, шунингдек, Тожикистоннинг кўплаб таниқли шоир, ёзувчи ва олимлари иштирок этди.
Мазкур китобга Тожикистон ўзбек адабиётининг 80 нафар ёрқин вакили ижодидан сара намуналар киритилган. Ушбу асарлар ўқувчиларга Тожикистонда яшаб ижод қилаётган ўзбек зиёлиларининг орзу-интилишлари, бадиий тафаккури ҳамда икки халқ дўстлигини юксак даражада тараннум этганини чуқур ҳис этиш имконини беради.
Иштирокчилар сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг оқилона сиёсати туфайли маданий-гуманитар ва адабий алоқалар сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилганини эътироф этди.
Бугунги кунда мунтазам ташкил этилаётган қўшма маданий форумлар ва ижодий учрашувлар икки халқнинг маънавий бирлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Тадбир якунида ўзбек ва тожик халқларининг азалий қардошлиги, муштарак тарихи ва қадриятлари бардавом бўлиши, шунингдек, мазкур антология келгусида икки мамлакат адабий муҳити ўртасидаги ҳамкорлик кўприкларини янада мустаҳкамлашига ишонч билдирилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси








