Дипломатлар Барнаулда Олтой ўлкасидаги етакчи университетлар ректорлари билан учрашиб ва ўзбекистонлик талабаларнинг ўқиш шароитлари билан танишди
Май 22, 2026. 09:55 • 3 дақ
• 82БАРНАУЛ, 22 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консули Аслам Акбаров Барнаул шаҳрида Олтой ўлкасининг етакчи олий таълим муассасалари ректорлари билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокараларда Олтой давлат университети, шунингдек, ўлканинг педагогика, техника, тиббиёт ва аграр давлат университетлари раҳбарлари иштирок этди.
Мулоқот чоғида Барнаул олийгоҳларида турли йўналишлар бўйича таҳсил олаётган 320 нафардан зиёд ўзбекистонлик талабаларнинг ўқиш жараёни, улар дуч келаётган турли муаммо ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.
Россия томони ўзбекистонлик талабалар сонини, айниқса, тиббиёт, муҳандислик, биотехнология ва аграр соҳаларда янада кўпайтиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Олтой давлат университети ректори Сергей Бочаров олийгоҳда 210 нафар ўзбекистонлик талаба ва магистрант таҳсил олаётгани, ЎзМУ, Самарқанд ва Бухоро давлат университетлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилганини маълум қилди.
Ректор Самарқандда университетнинг ваколатхона маркази фаолият юритаётгани, ЎзМУ билан академик мобиллик ва тилшунослик бўйича қўшма дастурлар ишлаб чиқилаётганини таъкидлади. У Ўзбекистоннинг жадал ривожланишини ҳисобга олиб, Нукус шаҳрида Олтой давлат университети филиалини очиш масаласи ҳам тўхталиб ўтди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон томони Тошкент давлат аграр университети ҳамда “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети негизида гидрология, ирригация, тупроқшунослик, иссиқхона хўжалиги ва ветеринария йўналишларида қўшма маърузалар ташкил этишни таклиф қилди.
Ташриф доирасида Бош консул Барнаулда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан ҳам учрашди. Самимий тарзда кечган мулоқотда ватандошлар ўқиши, яшаш шароитлари ҳақида маълумот берди. Шу билан бирга, ички ишлар бўлимларида рўйхатдан ўтишни соддалаштириш, ёзги амалиётни ўз мутахассисликлари бўйича ташкил этиш ва ётоқхона шароитларини яхшилаш борасида ўз таклиф ва ташаббусларини билдирди.
Очиқ мулоқот давомида талабалар томонидан кўтарилган бир қатор муаммолар Бош консулнинг аралашуви билан бевосита учрашувнинг ўзида ҳал этилди. Хусусан, айрим талабаларнинг ёзги имтиҳон сессиясига киритмаслик ва фанларни қайта топшириш масаласи ижобий ҳал этилди.
Олийгоҳлар томонидан талабаларни вақтинчалик рўйхатга қўйиш бўйича ички ишлар идораларига зудлик билан воситачилик хатлари чиқиши таъминланди. Халқаро муносабатлар йўналишида ўқиётган талабалардан бирига ёзги амалиётни Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консулхонасида ўташ имконияти яратиб берилди.
Учрашувда ватандошлар билан муносабатларни янада яқинлаштириш мақсадида “ВКонтакте” ва “Telegram” ижтимоий тармоқларида “Барнаул талабалари – Бош консулхона” махсус мулоқот гуруҳлари очилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси








