Варшава университетида Туркий халқлар маданияти маркази очилди
Июнь 05, 2026. 20:25 • 2 дақ
• 53ВАРШАВА, 5 июнь. /“Дунё” АА/. Варшава университети Осиё ва Африка маданиятлари факультети қошида Туркий маданият ва мерос жамғармаси кўмагида ташкил этилган Туркий халқлар маданияти марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Туркий маданият ва мерос жамғармаси президенти Актоти Раимқулова, туркий давлатларнинг Польшадаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари, Варшава университети раҳбарияти, Фан ва олий таълим вазирлиги мутасаддилари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этди.
Маросимда сўзга чиққан элчихона дипломатлари ушбу марказнинг очилиши Польшада туркий халқларнинг тарихи, тили, адабиёти, санъати ва анъаналарини кенг тарғиб қилишда муҳим воқеа эканини таъкидлади. Мазкур муассаса нафақат университетда таҳсил оладиган мутахассислар учун билим маскани, балки Шарқ ва Ғарб ўртасидаги маданий мулоқотни фаоллаштирувчи интеллектуал кўприк экани ҳам қайд этилди.
Анжуманда давлатимиз раҳбари томонидан туркий халқларнинг тарихий-маданий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, шунингдек, ушбу давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Ўзбекистоннинг Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган қадимий цивилизация маркази сифатидаги ўрни алоҳида қайд этилди. Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент ва Шаҳрисабз шаҳарлари асрлар давомида илм-фан, маърифат, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик ва маънавий ҳаёт марказлари бўлиб келгани таъкидланди.
Дипломатик ваколатхона томонидан келгусида Марказ фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида юртимизнинг тарихий ва маънавий меросини акс эттирувчи нашрлар, ўқув материаллари ҳамда экспонатлар тақдим этилиши маълум қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Регистон майдонидаги Шердор мадрасаси тарихий фасадини таъмирлашнинг биринчи босқичи якунланди











