“The Economic Times” газетаси V Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳақида мақола чоп этди
Июнь 05, 2026. 19:25 • 2 дақ
• 79
ДЕҲЛИ, 5 июнь. /“Дунё” АА/. Ҳиндистоннинг етакчи ишбилармонлик нашрларидан бири “The Economic Times” газетасида Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумига (ТХИФ) бағишланган таҳлилий мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“ТХИФ Марказий Осиё учун янги инвестиция архитектурасини шакллантиради” сарлавҳаси остидаги ушбу материалда халқаро бизнес ҳамжамиятининг Ўзбекистон инвестиция салоҳиятига бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётгани алоҳида таъкидланган.
“The Economic Times” материалида ТХИФнинг минтақага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиришдаги бош майдон сифатидаги ролига эътибор қаратилган.
Мақолада Ўзбекистонда қулай ва олдиндан прогноз қилиш мумкин бўлган инвестиция муҳитини яратишга йўналтирилган изчил ислоҳотлар қайд этилган. Жумладан, бизнес юритиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва давлат активларини фаол хусусийлаштириш жараёнлари тилга олинган.
Нашрда “Президент Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон ўз иқтисодиётини либераллаштириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида дадил қадамлар ташлаб, Марказий Осиёдаги асосий фигурага айланди”, деб таъкидланган.
Ҳинд нашри Ўзбекистон ўзини Марказий Осиё минтақаси бозорига кириш учун қулай ҳудуд сифатида намоён этаётганини, сармоядорларга изчил ривожланаётган бозорлар ва кенг ресурс имкониятларидан фойдаланиш шароитини таклиф қилаётганини алоҳида қайд этган.
“Навбатдаги ТХИФ Ўзбекистоннинг инвестициялар ва инновациялар бўйича минтақавий марказга айланиш борасидаги қатъий интилишининг намойишидир”, деб ёзган муаллиф.
“The Economic Times” газетасидаги ушбу мақола Ҳиндистон ишбилармон доиралари ўртасида бўлажак форум ҳақидаги хабардорликни ошириш билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг энг йирик иқтисодий ҳамкорларидан бири томонидан мамлакатимизнинг инвестиция сиёсатига бўлган ишонч тобора мустаҳкамланиб бораётганининг муҳим белгиси бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Покистон ОАВ: Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлиги тобора амалий иқтисодий мазмун касб этмоқда

“Вечерний Бишкек”: Тошкентдаги олий даражадаги Термиз мулоқотига бутун дунёдан етакчи экспертлар тўпланмоқда


