Logo

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тадбир ҳақидаги лавҳалар Берлин телевидениесида намойиш этилди

Март 28, 2024. 18:24 • 2 дақ

129
Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тадбир ҳақидаги лавҳалар Берлин телевидениесида намойиш этилди

БЕРЛИН, 28 март. /"Дунё" АА/. Халқаро "ITB Berlin 2024" туризм кўргазмаси доирасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишлаб ўтказилган қатор тадбирлар немис оммавий ахборот воситалари томонидан кенг ёритилмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

 Жумладан, Германия пойтахтининг "TV Berlin" телеканалида мамлакатимиз элчихонасида ўтказилган тадбир ҳақида лавҳа намойиш этилди. Немис телемухбири мазкур кўргазмада Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев бошчилигидаги катта делегация билан иштирок этганини алоҳида қайд этди. "Мамлакатнинг туристик имкониятлари миллий стендида 30 дан ортиқ сайёҳлик фирма ва компаниялари томонидан намойиш этилиши бу соҳанинг изчил ривожланиб бораётганидан дарак беради",—  дейди у.


Теледастурда Ўзбекистон элчиси Дилшод Ахатов ва Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев иштирокида қисқа блиц-интервью ҳам намойиш этилган.


Дипломатик ваколатхона раҳбари ўз интервьюсида "ITB Berlin 2024" халқаро кўргазма доирасида элчихонада ўтказилган Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тадбир ва республикамизда туризм иқтисодиётнинг драйвери сифатида ривожланиб бораётгани, дунёга машҳур қадимий шаҳарларимиз жаҳон туризмининг энг севимли масканларига айланиб улгургани таъкидлади. Шунингдек, у санъаткорларнинг бадиий чиқишлари ва куй-қўшиқлари, раққосаларнинг жозибадор рақслари Ўзбекистон туризмининг турфа хиллиги ифодаси эканлигини алоҳида қайд этган.


Туризм қўмитаси раҳбари Умид Шадиев телеканал мухбирига билан суҳбатда "ITB Berlin 2024" ярмаркаси ҳамда элчихонада ташкил этилган тадбир икки мамлакат туризм соҳаси вакиллари учун муҳим аҳамият касб этганини билдирди. Шу билан бирга, у Германиянинг турли шаҳарларидан келган туроператорларнинг ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ўтказган B2B форматидаги музокаралар самарали кечганини қайд этди. Шунингдек, Туризм қўмитаси раиси сўнгги йилларда Ўзбекистон-Германия муносабатлари тез суратларда ривожланиб бораётганига урғу бериб, айниқса, бу туризм соҳасида яққол намоён бўлаётганини таъкидлади. "Ўзбекистон мустақилликка эришгандан буён ушбу мамлакат сайёҳлари юртимизга келувчилар орасида етакчи ҳисобланади. Ўтган йили 40 мингга яқин немис сайёҳлари Ўзбекистонга борган бўлса, жорий йилда уларнинг сони янада ошиши кутилмоқда", — дейди қўмита раиси.


Дастурда, шунингдек, Ўзбекистон санъат усталари томонидан ижро этилган миллий куй ва қўшиқлар ва рақслардан парчалар кўрсатилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш