Logo

“AJP” нашри: 2025 йилдан Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида эркин савдо режими жорий этилди

Декабрь 17, 2025. 17:43 • 3 дақ

81
“AJP” нашри: 2025 йилдан Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида эркин савдо режими жорий этилди

СЕУЛ, 17 декабрь. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг етакчи “AJP” газетасида Ўзбекистон Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари Нодирбек Расуловнинг “Ўзбекистон–Туркманистон: ҳудудий яқинлик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик натижаси” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, бугунги кунда Марказий Осиё республикалари ўртасидаги ўзаро интеграция ва барқарор ривожланиш жараёни янги босқичга кирди. Ўзбекистондаги сўнгги ислоҳот ва ўзгаришлар нафақат бутун минтақа ривожига, балки мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда. Бу ўзгаришлар бутун минтақа бўйлаб яшаётган одамлар ҳаётига тобора сезиларли таъсир кўрсатмоқда.

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Бугунги кунда Туркманистон савдо-иқтисодий ҳамкорлик, транспорт ва логистика, энергетика ва сув ресурсларини бошқариш каби кўплаб соҳаларда Ўзбекистоннинг асосий ҳамкорларидан бири ҳисобланади.

“2017 йилдан 2024 йилгача икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар изчил кенгайиб борди. Натижада, Туркманистоннинг Ўзбекистонга экспорти 2017 йилдаги 105,4 миллион доллардан 2024 йил охирига келиб, 1,48 миллиард долларга етди, яъни қарийб 14 баробар ўсди. Ўзбекистоннинг Туркманистонга экспорти ҳам 2017 йилдаги 53,2 миллион доллардан 2024 йилда 133,9 миллион долларгача ўсди. Бу кўрсаткичлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсаётгани, халқларимиз ўртасидаги иқтисодий алоқалар мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади”, – деб фикр юритган мақола муаллифи.

Туркманистоннинг Ўзбекистонга экспортида минерал ёқилғи ва нефть маҳсулотлари устунлик қилади. Улар 2024 йилда умумий экспортнинг 95,8 фоизини ташкил этди. Ўзбекистоннинг Туркманистонга экспорти эса нисбатан диверсификациялашган бўлиб, саноат ва кимё маҳсулотлари етакчилик қилмоқда. 2024 йилда Ўзбекистоннинг Туркманистонга экспортининг 17,7 фоизи ўғитлар бўлиб, икки томонлама савдода асосий товарлардан бирига айланди.

Манбада айтилишича, савдо кўрсаткичларини янада ошириш учун икки мамлакатда ҳали фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд. Денгиз портлари орқали халқаро транспорт йўлакларидан фойдаланиб, тажриба тариқасида юкларни жўнатиш транспорт-логистика алоқаларини сезиларли даражада кенгайтириши мумкин. Икки томонлама савдонинг ижобий динамикасини сақлаб қолиш ва яқин йилларда унинг ҳажмини икки баравар ошириш транспорт-логистика имкониятларидан стратегик фойдаланишни талаб қилади. Бу Тошкент ва Ашхобод ўртасида мувофиқлаштирилган иқтисодий режалаштиришнинг муҳимлигини кўрсатади.

Ушбу стратегик мақсадларни амалга ошириш учун 2025 йил 25 февралда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида эркин савдо режими жорий этилди. Унинг доирасида икки мамлакатда ишлаб чиқарилаётган кенг турдаги товарларга божхона божлари бекор қилинди. Савдо чекловлари олиб ташланиб, икки томонлама савдо тартиб-таомиллари соддалаштирилди. Бу эса ўзаро товар айирбошлашни осонлаштирди.

Хулоса қилиб айтганда, икки томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши, янги минтақавий алоқаларнинг пайдо бўлиши, истиқболли лойиҳаларнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши Ўзбекистон ва Туркманистон халқларининг узоқ муддатли манфаатларига хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш