Элчи Аюбхон Юнусов: Ўзбекистон туризм салоҳияти Кўрфаз араб давлатларида жадал тарзда тарғиб қилинмоқда
Июнь 15, 2025. 13:19 • 3 дақ
• 69
АЛ-КУВАЙТ, 15 июнь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчиси Аюбхон Юнусов Кувайтнинг "Ал-Жарида" газетасига Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти бўйича интервью берди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Суҳбатда аввалида туризм соҳаси Ўзбекистон иқтисодиётидаги стратегик тармоқлардан бири саналиши урғуланган. Шу боис, сўнгги йилларда мамлакатда туризм инфратузилмаси ривожланиб, хорижий сайёҳлар оқими ортиб бормоқда. Мамлакатнинг туризм экспорти 1,6 карра ошиб, 3 миллиард 500 миллион долларга етди, бу соҳада 2 мингдан ортиқ янги тадбиркор иш бошлади. Ўтган йили хорижий сайёҳлар ташрифи илк бор 10 миллиондан ошди.
"Ҳозирги кунда тақдим этилаётган туризм хизматлари сифатини яхшилаш ва жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини ошириш, замонавий хизматлар инфратузилмасини жадал ривожлантириш бўйича мақсадли ишлар амалга оширилмоқда", – деган юртимиз элчиси.
Интервьюда Ўзбекистон ҳудудида 7 мингдан ортиқ тарихий иншоотлар борлиги, уларнинг аксарияти ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилгани таъкидланган. Дипломат айтиб ўтганидек, Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари маданий дипломатия ва туризм марказига айланиб бораётгани боис Самарқанд шаҳрида 2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказиш жойи сифатида танланди.
"Сўнгги йилларда виза режими соддалаштирилиши натижасида 96 та хорижий давлатлар фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш тартиби амал қилмоқда. Жумладан, 2025 йил 1 июндан бошлаб Кувайт фуқаролари учун Ўзбекистонга кириш бўйича 30 кунлик визасиз тартиб жорий этилди", – дейди мамлакатимиз расмий вакили.
Шунингдек, интервью давомида Кўрфаз араб давлатларидан Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Баҳрайн ва Ўмон мамлакатлари фуқароларига ҳам Ўзбекистон кириш учун 30 кунлик визасиз тартибнинг жорий қилингани айтиб ўтилган.
Дипломатик ваколатхона раҳбари Самарқанд, Хива, Бухоро ва Тошкент каби тарихий шаҳарларимиз, мамлакатимиз табиатининг гўзаллиги ва ранг-баранглиги, Ўзбекистон халқининг кўп асрлик ҳунармандчилик анъаналари, урф-одатлари ва байрамлари ҳар йили кўплаб сайёҳларни фаол тарзда жалб қилаётганини таъкидлаган.
Суҳбатда ҳозирги кунда мамлакатимизда 6000 дан ортиқ меҳмонхоналар, 2700 дан ортиқ туризм субъектлари ва 3000 дан ортиқ гид-экскурсоводлар фаолият олиб бораётгани ҳақидаги маълумотлар ҳам тақдим этилган. Қайд этилишича, дунё бўйлаб умумий аудиторияси 2,5 миллиарддан ортиқ бўлган Буюк Британиянинг "BBC" ва "Wanderlust" компаниялари, Европанинг "Euronews", АҚШнинг "Amadeus" рақамли онлайн платформаси билан қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
"Кўрфаз араб давлатларида ҳозирги кунда Ўзбекистон туризм тақдимоти ва тарғиботи жуда жадал тарзда амалга оширилмоқда. Ўзбекистоннинг етакчи туризм компаниялари вакиллари турли кўргазмаларида фаол қатнашиб, икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўймоқда. Умуман олганда, жорий 2025 йилда хориждан 15 миллион турист жалб қилиниши ва туристик экспорт 4 миллиард долларга етказилиши режа қилинган. Бунинг учун ҳозирги кунда Ўзбекистон туризм брендини жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш борасида муайян ишлар олиб бориляпти", – деган Ўзбекистон элчиси.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида