Logo

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган муҳим ислоҳотлар Озарбайжон ОАВ нигоҳида

Декабрь 19, 2023. 10:41 • 2 дақ

145
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган муҳим ислоҳотлар Озарбайжон ОАВ нигоҳида

БОКУ, 19 декабрь. /«Дунё» АА/. Озарбайжоннинг етакчи «AVRASİYA» ахборот агентлиги Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов қаламига мансуб мамлакатимиз аграр соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижаларига бағишланган мақолани тарқатди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар натижасида бугун илгари кузатилмаган ютуқларга эришмоқда. Қишлоқ хўжалигига инновациялар ва илғор ишланмаларни, фан ва техниканинг замонавий ютуқларини изчил жорий этиш муваффақиятнинг муҳим таркибий қисми бўлаётир. Чунки, давлат раҳбари таъкидлаганидек, қишлоқ хўжалигининг илмий асосларини йўлга қўймагунча, соҳада ривожланиш бўлмайди», - дейилади мақолада.

Қайд этилишича, мамлакатнинг ташаббускор фермерлар кўп йиллик меҳнат тажрибаси ва олимларнинг замонавий билимлари, тинимсиз саъй-ҳаракатларига таяниб, Ўзбекистон 2023 йилда ҳам юксак натижаларга эришди.

«Шу ўринда таъкидлаш керакки, давлат томонидан қишлоқ хўжалигининг юксалиши ва фаровонлигига қаратилаётган алоҳида эътибор, берилаётган имтиёз ва преференциялар туфайли деҳқон ва фермерлар ўтган йилга нисбатан салмоқли ютуқларга қўлга киритишди, - дея маълум қилинган мақолада. -Масалан, жорий йилда фермерлар томонидан 3 миллион 800 минг тонна пахта хомашёси, 8,2 миллион тонна ғалла етиштирилди. 15 миллион тоннадан ортиқ сабзавот ва полиз маҳсулотлари, беш миллион тонна мева ва узум, тўрт миллион тонна картошка етиштирилди. Худди шундай ижобий динамика қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларида ҳам кузатилди».

«AVRASİYA» АА, шунингдек, жорий йилда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида қатор маъмурий ислоҳотлар амалга оширилганини хабар қилган. Бошқарув механизмларида ноодатий функциялар бартараф этилиб, вазифа ва ваколатлар ягона тизимга бирлаштирилди. Фермер ва деҳқонларга етиштириш учун экин танлаш, экинларни жойлаштириш, давлат органларининг асоссиз аралашувига барҳам беришда эркинликни таъминлаган тегишли қарорлар қабул қилиниши ижобий роль ўйнаганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Албатта, соҳани илм-фан ютуқлари асосида тубдан ислоҳ қилиш, илғор агротехнологияларни қўллаш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини моддий рағбатлантириш тизимлари ижобий самара берди.

«Ўзбекистон аҳолиси йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шу боис мамлакат аҳолисини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш вазифаси билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги соҳасида иш ўринлари яратиш бўйича ҳам тизимли ишларни амалга ошириш талаб этилади, - қайд этган муаллиф. - Янги имкониятларни очиш, маҳаллий қишлоқ хўжалигининг қўшимча қиймати ва жозибадорлигини таъминлашнинг ягона йўли – соҳага илм-фан ютуқлари ва инновацияларини кенг жорий этиш, ҳар бир муаммога юзага келаётган имкониятлар нуқтаи назаридан қарашдир».

Мақола хулосасида, «Ўзбекистоннинг меҳнаткаш ва фидойи фермерлари қишлоқ хўжалиги олимлари билан биргаликда ушбу шарафли вазифаларни ҳал этишга тўла қодир», - деб ёзган «AVRASİYA» АА.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш