“Russia News”: Янги Ўзбекистон Конституциясида инсон қадри ва ижтимоий ҳимояси кафолатланган
Ноябрь 29, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 170
САНК-ПЕТЕРБУРГ, 29 ноябрь. /“Дунё” АА/. Нуфузли “Russia News” сайтида Янги Ўзбекистон Конституциясининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 34 йиллиги “Конституция – инсон қадри улуғланган эркин ҳаёт ва янги келажак пойдевори!” ғояси асосида нишонланмоқда.
Ушбу шиор мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади – инсон қадрини юксалтириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлашда Конституциянинг ўрни нақадар муҳим эканини ифода этади.
Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат экани мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан, 46-моддага мувофиқ, ҳар ким қариликда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда ёки боқувчисидан маҳрум бўлганда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдам турлари миқдори қонунда белгиланган минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаслиги кафолатланган. Бу ижтимоий ҳимояни давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантирди.
Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистонда конституциявий кафолатларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ижтимоий ҳимоя тизими тубдан такомиллаштирилмоқда. 2023 йилда Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди, ҳудудларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолияти йўлга қўйилди.
2026 йил 1 февралдан ягона Ижтимоий реестр жорий этилиши натижасида эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатишнинг янги механизми шаклланди. Эътиборлиси, ижтимоий нафақаларнинг бир қисми фуқароларнинг мурожаатисиз, ахборот тизимлари орқали автоматик равишда тайинланмоқда.
Ўзбекистоннинг ижтимоий ҳимоя соҳасидаги тажрибаси халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Мамлакатнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари индексидаги ўрни яхшиланиб, 2025 йилда 62-ўринни эгаллагани ҳамда Марказий Осиё ва Шарқий Европада 2015 йилдан буён энг тез тараққий этаётган давлат сифатида қайд этилгани бунинг далилидир.
Мақола хулосасида Янги Ўзбекистон Конституцияда белгиланган ижтимоий ҳуқуқ ва кафолатлар аниқ дастурлар, замонавий институтлар ва манзилли ёрдам механизмлари орқали ҳаётга татбиқ этилаётгани таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси