Аллегра Памела Бонго: Ўзбекистонга биринчи келишимга қарамай, мамлакат улкан ютуқларга эришганини бемалол айта оламан
Ноябрь 29, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 27
ТОШКЕНТ, 29 ноябрь. /“Дунё” АА/. Габоннинг Испаниядаги элчиси, БМТ Туризм ташкилоти ҳузуридаги доимий вакили Аллегра Памела Бонго “2027 йил – Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили”нинг расмий очилишига бағишланган маросимда “Дунё” АА мухбирига эксклюзив интервью берди:
– Тошкентда бўлиб ўтган тадбир алоҳида аҳамиятга эга. Чунки гап шунчаки туризмни ривожлантириш ҳақида эмас, балки турли таҳдид ва инқирозларга дош бера оладиган барқарор ҳамда бардошли туризм ҳақида бормоқда.
Бу нафақат бугунги кунимиз, балки фарзандларимиз ва келажак авлодлар учун ҳам муҳимдир. Шу боисдан, мамлакатим – Африкада жойлашган Габон учун мазкур тадбирда иштирок этиш ва бу жараённинг бир қисмига айланиш жуда муҳим.
Фикримча, Африка ва Марказий Осиё туризм соҳасида кўп жиҳатдан ўхшаш муаммоларга дуч келмоқда. Ўртадаги катта географик масофага қарамай, мамлакатларимизни туризм соҳасини ривожлантиришда маданиятнинг муҳим ўрни бирлаштириб туради. Бизда умумий манфаатлар ва вазифалар мавжуд бўлиб, уларни ҳал этиш биргаликдаги саъй-ҳаракатларни талаб қилади.
Хусусан, транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва давлатлар ўртасидаги транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш зарур. Ҳатто бир минтақа доирасида ҳам баъзан бир давлатдан иккинчисига етиб бориш осон кечмайди. Шу тариқа, Африка ва Марказий Осиё ўхшаш глобал муаммоларга дуч келмоқда, уларни эса ҳамкорлик орқали енгиб ўтиш мумкин. Зеро, бизнинг муваффақиятимиз – бу умумий глобал вазифадир.
Ўзбекистонга биринчи марта келишимга қарамай, бемалол айта оламанки, мамлакатингиз улкан ютуқларга эришган. Шу билан бирга, халқаро ҳамжамият бу ерда амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалардан ҳали етарлича хабардор эмас.
Гўзал ва жадал ривожланаётган юртингизни айланиб, бир олам таассуротга эга бўлдим. Габон ва Ўзбекистон бир-биридан кўп нарсани ўрганиши, ўзаро тажриба алмашиши ҳамда икки томонлама ҳамкорлик самарадорлигини ошириш учун янги йўналишларни белгилаб олишига ишончим комил.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси