Logo

"Ammon News" газетаси: Ўзбекистон минтақавий инновацион марказга айланмоқда

Июль 15, 2025. 16:52 • 2 дақ

65
"Ammon News" газетаси: Ўзбекистон минтақавий инновацион марказга айланмоқда

АММОН, 15 июль. /"Дунё" АА/. Иорданиянинг "Ammon News" газетаси сайтида "Ўзбекистон... Мустақилликдан барқарор фаровонлик сари иқтисодий ислоҳотлар йўли" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда 2016 йилдан буён кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилгани, мамлакат рақамли трансформация, инфратузилма янгиланиши ва ташқи инвестициялар жалб этиш орқали замонавий ва очиқ иқтисодиётга айланаётгани таъкидланган.

"Ўзбекистоннинг иқтисодиёти диверсификация қилинмоқда, пахта ва олтин ишлаб чиқаришдан ташқари, саноат, туризм ва технология соҳалари ҳам сезиларли даражада ривожланмоқда. Мамлакатда қайта тикланадиган энергия манбаларига катта эътибор қаратилмоқда, ва "олтин виза" дастури орқали хорижий сармоядорларни жалб қилишга катта имкониятлар яратилмоқда", – дейилган мақолада.

Муаллиф Ўзбекистон сўнгги йилларда иқтисодиётни ривожлантириш ва модернизация қилиш мақсадида хорижий инвестицияларни жалб қилишга катта аҳамият қаратаётганини таъкидлаган. Мамлакатнинг иқтисодий очиқлик сиёсатлари натижасида, махсус инвестиция муҳити яратилди, бу эса хорижлик сармоядорлар учун қатор имтиёзлар ва қулайликларни таъминлайди.

"Шулардан бири "олтин виза" дастури, – деб ёзган у. – Бу дастур инвесторларга Ўзбекистонда узоқ муддатли истиқомат қилиш ҳуқуқини беради. Махсус шартлар асосида инвестиция қилган хорижий фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари мамлакатда ўз бизнесларини ривожлантиришлари, турмуш тарзини осонлаштиришлари мумкин. Бу дастур асосан энергетика, технологиялар ва кўчмас мулк каби стратегик соҳаларга йўналтирилган сармояларни жалб қилишни мақсад қилади".

Материалда таъкидланганидек, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлишга интиляпти. "ЖСТга кириш Ўзбекистон учун ташқи савдони либераллаштириш, тарифларни камайтириш, инвестициялар учун тенг шароит яратиш ва халқаро меъёрларга мос иқтисодий сиёсатни ривожлантириш имконини беради. Бу йўлда мамлакат бир қатор ислоҳотлар ва стандартларга мослашиш жараёнини босқичма-босқич амалга оширмоқда", – дея урғуланган мақолада.

Иордания ОАВ, шунингдек, Ўзбекистон минтақавий инновацион марказга айланишга ҳаракат қилаётгани, рақамли трансформация, илғор технологияларни қўллаш ва таълим тизимини такомиллаштириш орқали мамлакат инновация ва технологиялар соҳасида етакчи ўринни эгаллашни мақсад қилганини урғулаган. "Бу мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсиши ва рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга", – деб ёзилган "Ammon News" мақоласида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш