"El Mundo Financiero": Ўзбекистон муҳим минераллар соҳасидаги мавқеини сезиларли даражада мустаҳкамламоқда
Сентябрь 03, 2025. 12:50 • 2 дақ
• 86
МАДРИД, 3 сентябрь. /"Дунё" АА/. Испаниянинг оммабоп "El Mundo Financiero" электрон нашрида "Ўзбекистон жаҳоннинг янги "минерал дипломатияси" марказига айланмоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада Ўзбекистон иккита етакчи халқаро тузилмага — Европа муҳим хомашёлар альянси (ERМА) ва Канада муҳим минераллар институтига бирлашиб, глобал муҳим хомашёлар бозорида ўз мавқеини мустаҳкамлаётгани урғуланган.
"Ўтган йили Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида муҳим хомашёлар соҳасида англашув меморандуми имзоланган эди. Ўзбекистон технологик металлар комбинатининг (ТМК) Европа муҳим хомашёлар альянсига расман қўшилиши эса ушбу жабҳадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. "ERМА" Европа саноатининг ресурс сиёсатини шакллантирувчи ва "яшил" иқтисодиёт учун хом ашёнинг ишончли етказиб берилишини таъминловчи асосий платформа ҳисобланади",- деб ёзилган мақолада.
ТМКнинг "ERМА"да иштирок этиши Ўзбекистон олдида Европа инвестициялари ва технологияларидан фойдаланишдан тортиб, юқори стандартларга жавоб берадиган маҳсулотлар билан глобал бозорларга чиқишгача янги уфқлар очади.
Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистон Шимолий Америкадаги ўз мавқеини ҳам мустаҳкамламоқда. Хусусан, ТМК Канада муҳим минераллар институтига аъзо бўлди. Бу тузилма дунё ресурс сиёсатининг интеллектуал штаби бўлиб, у ерда стратегик хом ашёни қазиб олиш ва қайта ишлашнинг "келажак харитаси" шакллантирилади.
"Институтга аъзолик АҚШ, Канада ва Европанинг ресурс сиёсати бўйича стратегик маълумотларга кириш имконини беради. Шунингдек, технологиялар трансфери ва инвестицияларни жалб қилиш учун платформа тақдим этади. Бу қадамлар Ўзбекистоннинг муҳим минераллар соҳасидаги мавқеини сезиларли даражада мустаҳкамлайди ва мамлакатга жаҳон ресурс сиёсатини шакллантиришга таъсир кўрсатиш имконини беради", – деб қайд этилган мақола хулосасида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида