"Hello Magyar": Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари сиёсий мулоқотдан иқтисодий шерикликгача бўлган жадал ривожланишдан далолат беради
Июль 05, 2025. 14:52 • 2 дақ
• 85
БУДАПЕШТ, 5 июль. /"Дунё" АА/. Венгриянинг машҳур "Hello Magyar" электрон нашрида Ўзбекистон-Озарбайжон ҳамкорлигига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар сиёсий мулоқотдан тортиб, иқтисодий шерикликгача бўлган барча соҳаларда жадал ривожланиб бораётгани қайд этилган. Муаллиф транспорт ва логистикани икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири сифатида алоҳида таъкидлайди.
"Ўзбекистон учун денгизга чиқиш имконияти йўқлиги шароитида халқаро транспорт йўналишларига чиқишни таъминлаш устувор вазифа сифатида қолмоқда. Шу нуқтаи назардан, Озарбайжон Кавказ минтақасига ва кейинчалик Европага чиқишни таъминлайдиган асосий ҳамкор сифатида қаралмоқда. 1996 йилдан бери амал қилаётган эркин савдо тартиби шерик давлатлар бозорларига ўзбек маҳсулотининг бемалол чиқиши учун қулай шароит яратади", – дейилган нашрда.
Мақолада 2024 йил охирига келиб Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида юк ташиш ҳажми 100 минг тоннадан ошгани, бу ўтган йилга нисбатан 5 фоизга кўп эканлиги ҳақида маълумотлар келтирилган.
Венгрия электрон нашри, икки мамлакат ўртасидаги авиация соҳасида йўлга қўйилган самарали ҳамкорликка эътибор қаратган. "Ўзбекистон-Озарбайжон авиация муносабатлари 1996 йил 27 майдаги "Ҳаво ҳаракати ва авиация соҳасида ҳамкорлик тўғрисида"ги шартнома, шунингдек, икки давлат авиация ҳокимиятлари ўртасида имзоланган меморандумлар ва маслаҳатлашувлар баённомалари билан тартибга солинган. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги авиақатновлар сони сўнгги икки йилда икки баробарга ошди, хусусан Тошкент-Боку йўналишида ҳафтасига саккиз маротаба мунтазам рейслар амалга оширилмоқда", – деб ёзган муаллиф.
Шунингдек, нашрда томонлар логистика инфратузилмасини биргаликда ривожлантиришга катта эътибор қаратаётгани таъкидланган. Хусусан, Алят мавзесидаги Боку халқаро денгиз порти ва у ерда жойлашган эркин иқтисодий зона ўзбек компаниялари учун янги имкониятлар очмоқда.
Ўзбекистон йирик жаҳон портларига чиқиш имконияти чекланган бўлсада, Евроосиё минтақасида қуруқликдаги транспорт йўлакларини шакллантириш ва ривожлантириш орқали транспорт-логистика соҳасини тўлиқ ривожлантириш имкониятига эга.
"Ўзбекистоннинг Озарбайжон билан алоқалари МДҲ, Туркий давлатлар ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, TRACECA ва бошқа халқаро платформалар доирасида ҳам мустаҳкамланиб бормоқда. Бу эса, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлик икки томонлама муносабатлар доирасидан четга чиқиб, янги Евроосиё транспорт харитасини шакллантиришда муҳим омил бўлмоқда", – дея урғуланган мақола якунида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида