"London Post": Ўзбек нонини татиб кўрган одам унинг ўзига хос таъмини ҳеч қачон унута олмайди
Март 14, 2024. 10:36 • 2 дақ
• 83
ЛОНДОН, 14 март. /"Дунё" АА/. Британиянинг машҳур "London Post" янгиликлар порталида ўзбек нонига бағишлаган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Ўзбекистонда нон муқаддас тимсол сифатида қадрланиши таъкидланади. Мақола Самарқанд нонига бағишланган. Қайд этилишича, Самарқандда ҳар куни 12 минг донадан ортиқ нон пиширилади.
"Оддий ингредиентлар ва тайёрлашдан ташқари, бу чуқур маданий аҳамиятга эга. Кўринишидан оддий кўринган нон ўзбек халқининг бой тарихий анъаналари билан узвий боғлиқ", – дейилади мақолада.
Таъкидланишича, Ўзбекистонга ташриф буюриб, янги пиширилган ўзбек нонини татиб кўрган киши унинг ўзига хос таъмини унута олмайди.
"Дарҳақиқат, тандирда янги пиширилган ноннинг таъмини бошқа жойда топа олмайсиз. Мамлакатда нон ва нон маҳсулотларига чуқур ҳурмат асрлар давомида шаклланган", – қайд этилган манбада.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда нон ҳеч қачон пичоқ билан кесилмайди. Дастурхон бошида нон қўл билан бўлинади ва меҳмонларга улашилади. Шунингдек, ўзбек халқи нонни ҳеч қачон тескари қўймайди. Бу нонга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади.
Яна бир анъанага кўра, янги оила қураётганларнинг муносабатлари доимо яхши ва умр бўйи давом этиши учун тўйдан олдин нон синдириш одати мавжуд. Меҳмонлар учун дастурхон тузаётганда стол устидаги нонлар сони тенг бўлиши керак. Уйда битта ёки учта нон қолса, улардан бири ярмига бўлинади.
"Ўзбекистонда меҳмонларни совғалар ва ширинликлар, жумладан нон билан кутиб олиш одат тусига кирган. Уларнинг сони ҳам ҳар доим жуфт бўлиши керак. Нон пишириш жараёни бошидан охиригача қўл меҳнатини талаб қилади. Ўзбекистонда нон тайёрлашнинг кўплаб усуллари ва рецептлари мавжуд. Мамлакатнинг ҳар бир вилояти ва ҳудуди ўзига хос рецептлари билан мақтаниши мумкин", – деб ёзган "London Post" .
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида