"Maariv" газетаси: Ўзбекистон кўчмас мулк, туризм, қишлоқ хўжалиги ва саноатга сармоя киритиш учун жозибадор шароитларни таклиф этмоқда
Июль 13, 2025. 14:40 • 2 дақ
• 80
ТEЛЬ-АВИВ, 13 июль. / "Дунё" АА/. Исроилнинг нуфузли "Maariv" газетасида "Исроил делегацияси Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этди" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Порталда жойлаштирилган материалда таъкидланишича, ҳозирги геосиёсий вазиятга қарамай, Ўзбекистон 38 миллионга яқин аҳолига эга дунёвий давлат сифатида очиқлик, прагматизм ва Исроил билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини намойиш этмоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар туфайли мамлакат Марказий Осиёдаги ишончли ва истиқболли ҳамкор сифатидаги имижини мустаҳкамламоқда.
Мақолада пойтахтимизда бўлиб ўтган IV Тошкент халқаро инвестиция форумида Исроил делегациясининг иштироки батафсил ёритилган. Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга фаол ҳисса қўшаётган Исроилдаги Наргиза Қодирова бошчилигидаги "Янги Ўзбекистон" савдо-инвестиция уйи фаолиятига эътибор қаратилган.
"Форум мамлакатлар ўртасидаги янги иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун муҳим аҳамият касб этди. Хусусан, Исроил делегацияси рангли металлардан буюмлар ишлаб чиқариш корхонасига борди. Мазкур корхона билан Исроилга рангли металлардан тайёрланган маҳсулотларни етказиб бериш шартнома тузилди. Илгари бундай имкониятлар ҳатто кўриб чиқилмаган. Бугунги кунда Ўзбекистонда ISO стандарти бўйича сертификатланган, Исроил бозорида ҳам талаб юқори бўлган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган замонавий заводлар фаолият юритмоқда", – дея Наргиза Қодирова сўзларидан иқтибос келтирилган материалда.
Тошкент халқаро инвестиция форуми якунлари ҳамкорликнинг янги йўналишлари аниқлашга туртки бўлгани алоҳида урғуланган.
"Янги бозорларни излаётган исроиллик инвесторлар учун Ўзбекистон кўчмас мулк, туризм инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги ва саноатга сармоя киритиш учун жозибадор шароитларни таклиф этади. Мамлакатда туризм жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Ўтган йили Ўзбекистонга рекорд даражадаги 10 миллион сайёҳ келган бўлса, бу йил 12 миллиондан ортиқ сайёҳ келиши кутилмоқда", – деб ёзилган мақола якунида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида