Logo

"Sahm News" газетаси: Самарқанд шаҳри "Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" саммитини қабул қилади

Апрель 22, 2025. 12:33 • 2 дақ

90
"Sahm News" газетаси: Самарқанд шаҳри "Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" саммитини қабул қилади

АР-РИЁЗ, 22 апрель. /"Дунё" АА/. Саудия Арабистонининг "Sahm News" газетасида "5 май куни Самарқанд шаҳрида "Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" саммити бўлиб ўтади" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири бошчилигидаги делегация Ал-Кувайт шаҳрида бўлиб ўтган "Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг учинчи йиғилишида иштирок этгани маълум қилинган.

Йиғилишда шу 5 май куни Самарқандда бўлиб ўтадиган олий даражадаги "Марказий Осиё-КАДҲК" саммитига тайёргарликнинг бориши ва бошқа масалалар муҳокама қилингани таъкидланган.

"Кувайтда ҳамкасбларим билан биргаликда "Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" Стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг учинчи учрашувида иштирок этдик. Илиқ меҳмондўстлик учун Кувайт ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Али ал-Яҳё жанобларига самимий миннатдорлигимизни билдирамиз.

Бугун биз тобора ривожланиб бораётган ҳамкорлигимизни кейинги босқичга олиб чиқишнинг самарали усулларини ва кун тартибимиздаги долзарб мавзуларни муҳокама қилдик.

5 май куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Саммит минтақаларимиз ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштиришда муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.

Муштарак қадриятлар, стратегик салоҳият ва якдил ёндашувлар билан Марказий Осиё ва Кўрфаз давлатлари ҳамкорликда янги саҳифа яратмоқдамиз", – дея Ўзбекистон ТИВ раҳбарининг telegram-каналида эълон қилинган фикрларидан иқтибос келтирилган мақолада.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш