"Swift News": Ўзбекистон давлат органлари ва ташкилотларининг инсон ресурсларини бошқариш йўналишидаги фаолияти тўлиқ электрон тизимга ўтказилди
Май 29, 2024. 14:33 • 2 дақ
• 71
ЖИДДА, 29 май. /"Дунё" АА/. Саудия Арабистонининг "Swift News" электрон нашрида "Янги Ўзбекистонда инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш тизимидаги ютуқлар" сарлавҳали мақола жойлаштирилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда Янги Ўзбекистонда давлат бошқарувининг ажралмас қисми бўлмиш – кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, уларнинг малакасини ошириш, бир сўз билан айтганда, кадрларнинг "карьера модели"ни барпо этиш босқичларини ўз ичига олган яхлит тизим яратилаётгани қайд этилган.
"Давлат хизматига киришда шаффоф тизим яратилмоқда. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида давлат хизматига киришда мамлакат фуқаролари учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратилиши махсус норма билан мустаҳкамланди. Бу давлат хизматининг рақобатдошлигини, очиқлигини ва профессионаллигини оширишга хизмат қилмоқда" – дейилади мақолада.
Маълум қилинганидек, Ўзбекистонда меҳнат бозорига ҳар йили 600 мингдан зиёд ёшлар кириб келаётган бўлса, 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 1 миллионга етиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Президентининг "Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги фармонига мувофиқ давлат фуқаролик хизмати соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва уларни изчил такомиллаштириб бориш Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг асосий вазифаларидан биридир.
Мазкур вазифалардан келиб чиққан ҳолда, давлат органлари ва ташкилотларининг инсон ресурсларини бошқариш йўналишидаги фаолияти ҳам тўлиқ электрон тизимга ўтказилди. Бунинг учун Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги давлат органларининг HR хизматларига hrm.argos.uz платформасини тақдим этди. Платформага 3 мингга яқин ташкилот уланди. Тизимга киритилган умумий иш ўринлари сони — 163 400 та, шу жумладан, 93 400 тасини давлат фуқаролик хизмати лавозимлари ташкил этади.
"Янги тизимга кўра, вазирлик ва идораларнинг инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш бўлинмалари томонидан кадрлар ишига оид барча ҳужжатлар ҳеч қандай қоғоз сарфисиз амалга оширилади. Янги тизим кадрлар бўйича маълумотларнинг электрон архивини юритиш имконини бермоқда, давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг сон ва сифат таркиби таҳлили учун замин яратмоқда" – деб ёзган "Swift News".
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида
“AJP” нашри: 2025 йилдан Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида эркин савдо режими жорий этилди