Logo

"Travel Tomorrow": Ўзбекистон учун ЮНEСКО Бош конференциясига мезбонлик қилиш юксак шараф ва улкан масъулиятдир

Июль 14, 2025. 10:49 • 2 дақ

36
"Travel Tomorrow": Ўзбекистон учун ЮНEСКО Бош конференциясига мезбонлик қилиш юксак шараф ва улкан масъулиятдир

БРЮССЕЛЬ, 14 июль. /"Дунё" АА/. Бельгиянинг оммабоп "Travel Tomorrow" янгиликлар порталида "ЮНEСКО анъанани ўзгартирмоқда: Бош конференция илк бор Самарқандда ўтказилади" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақола муқаддимасида сўнгги 40 йил ичида илк бор ЮНEСКО Бош конференцияси Париждан ташқарида, яъни Самарқанд шаҳрида ўтказилиши таъкидланган.

"ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессия 2025 йил 30 октябрдан 13 ноябргача Самарқандда бўлиб ўтади. Мазкур конференция ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилади ва ЮНEСКОга аъзо барча 194 давлат вакиллари, шунингдек, олимлар, халқаро ташкилотлар ва маданият арбобларини бирлаштиради", – деб ёзилган нашрда

Муаллифга кўра, дунёдаги энг қадимий шаҳарларидан бири бўлган Самарқандга милоддан аввалги VII асрда асос солингани тўғрисида маълумотлар бор. Самарқанд 2001 йилда ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилди. Шунингдек, ушбу қадим кент афсонавий Ипак йўлидаги маданиятлар чорраҳаси сифатида ҳам шуҳрат қозонган. Бугунги кунда шаҳар ўзига хос меъморчилик, бой тарих ва анъаналарни уйғунлаштирган ҳолда туризм, халқаро тадбирлар ва маданий алмашинув маркази сифатида фаол ривожланмоқда.

Бундан ташқари, материалда Самарқанд қабул қиладиган Бош конференция доирасида маданий меросни ҳимоя қилишда сунъий интеллектнинг ролига бағишланган саммит, ЮНEСКОнинг хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер сиёсатини амалга ошириш қаратилган учрашуви ҳамда Ўзбекистонда углерод изини камайтиришга хизмат қиладиган "Яшил боғ" лойиҳасининг очилиши каби тадбирлар бўлиб ўтиши хабар қилинган.

"Ўзбекистон учун ЮНEСКО Бош конференциясига мезбонлик қилиш юксак шараф ва улкан масъулиятдир. Бу халқаро ҳамжамиятнинг мамлакатимизга, унинг имкониятлари ва ҳамкорликка тайёрлигига бўлган ишончи ортиб бораётганидан далолат беради," – дея мамлакатимизнинг Бельгиядаги элчиси Ғайрат Фозилов фикрларидан иқтибос келтирилган мақолада.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш