Logo

"Аvesta" АА: Ўзбекистон ва Хитой бутун Марказий Осиё минтақасининг "яшил" трансформацияси учун катализатор бўла оладиган ҳамкорликнинг намунали моделини намойиш этмоқда

Июнь 16, 2025. 18:32 • 2 дақ

106
"Аvesta" АА: Ўзбекистон ва Хитой бутун Марказий Осиё минтақасининг "яшил" трансформацияси учун катализатор бўла оладиган ҳамкорликнинг намунали моделини намойиш этмоқда

ДУШАНБЕ, 16 июнь. /"Дунё" АА/. Тожикистоннинг "Аvesta" ахборот агентлиги "Ўзбекистон ва Хитой "яшил" тараққиётни илгари суришда стратегик шериклик" сарлавҳали мақолани эълон қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Ўзбекистон ва Хитой глобал иқлимий муаммолар ҳамда энергетик трансформация даврида, барқарор ривожланиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликка алоҳида аҳамият қаратаётгани ҳақида сўз юритилади.

"Ўзбекистон ва Хитой "яшил" иқтисодиёт соҳасида стратегик шерикликлардир. Экологик барқарор келажак ҳақидаги умумий тасаввур билан бирлашган икки мамлакат, бутун Марказий Осиё минтақасининг "яшил" трансформацияси учун катализатор бўла оладиган давлатлараро ҳамкорликнинг намунали моделини намойиш этмоқда", – деб ёзади муаллиф.

Нашрда қайд этилишича, 2024 йил январь ойида Ўзбекистон Президентининг Хитойга буюрган давлат ташрифи икки томонлама муносабатларда алоҳида босқич бўлди, унинг якунида умумий қиймати 53,3 миллиард АҚШ доллари бўлган 482 та инвестиция шартномаси имзоланди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Хитой инвестициялари иштирокида 2685 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, улар орасида "Huawei", "ZTE" каби технологик гигантлар, шунингдек, энергетика ва саноат соҳасидаги ихтисослашган компаниялар мавжуд.

"Бироқ, сўнгги йилларда энг муҳим тенденция ҳамкорликнинг анъанавий шаклларидан экологик кун тартибига ўтиш бўлди. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида "яшил" энергетика соҳасидаги ўзаро ҳамкорликда сезиларли динамика кузатилмоқда. Бу экологик самарадорлик ва барқарорликка ҳисса қўшадиган технологиялардан фойдаланишда ҳамкорликни, жумладан, экологик мақсадларга эришиш учун инновацион ечимлар ва илғор технологияларни ўз ичига олади", – деб урғуланган мақолада.

Шунингдек, "Аvesta" ААда таъкидланишича, 2025 йил май ойида Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида Хитой билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги шерикликнинг янги босқични бошлаб берган тарихий учрашув бўлиб ўтди. Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Хитой Фанлар академиясининг Шинжон экология ва география институти ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Унда Тошкентдаги Green University базасида Марказий Осиё экология ва атроф-муҳит тадқиқот марказини ташкил этиш масаласи қайд этилган.

"Ўзбекистон–Хитойнинг "яшил" ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлиги шунчаки икки мамлакатнинг иқлимий мақсадларига эришишга ҳисса қўшмайди – у ўзаро манфаат, технологик инновациялар ва сайёра келажаги учун умумий масъулиятга асосланган халқаро муносабатларнинг янги парадигмасини шакллантиради", – деб ёзилган "Аvesta" АА эълон қилган материал хулосасида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш