"El Mundo Financiero": Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг транспорт соҳасидаги ҳамкорлиги Шарқ ва Ғарб ўртасида янги транзит коридорларини очади
Июль 07, 2025. 21:19 • 2 дақ
• 55
МАДРИД, 8 июль. /"Дунё" АА/. Испаниянинг оммабоп "El Mundo Financiero" онлайн нашрида "Ўзбекистон Президентининг Озарбайжонга давлат ташрифи: стратегик шерикликнинг янги босқичи" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада жорий йилнинг 2-4 июль кунлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга амалга оширган давлат ташрифи нафақат яхши қўшничилик рамзи, балки чуқурлашиб бораётган Евроосиё интеграцияси шароитида Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим стратегик ёндашуви сифатида юксак баҳоланган.
"Расмий тадбирлар, Ўзбекистоннинг Бокудаги янги элчихонаси биносининг очилиши ва "Ўзбекистон" боғининг барпо этилиши, шунингдек, президентлар даражасидаги икки томонлама саммит расмий Тошкент ва Боку ўртасидаги мисли кўрилмаган ишонч даражасини намойиш этди. Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши якунлари шуни кўрсатдики, ўзаро ҳамкорлик анъанавий доирадан четга чиқиб, институционал стратегик шериклик хусусиятларини касб этмоқда. Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хонкендида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиши Ўзбекистоннинг нафақат Марказий Осиёда, балки Жанубий Кавказда ҳам нуфузли иштирокчи сифатидаги дипломатик мавқеини оширди", – деб ёзади муаллиф.
Шунингдек, нашрда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар барча соҳаларда – сиёсатдан тортиб иқтисодиётгача жадал ривожланаётгани таъкидланган.
Қайд этилганидек, икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири транспорт ва логистика ҳисобланади. Бу ҳамкорлик нафақат икки мамлакат учун, балки бутун Евроосиё учун муҳим роль ўйнайди, Шарқ ва Ғарб ўртасида янги транзит коридорларини очади.
"Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган Ўзбекистон учун халқаро транспорт йўлларига кириш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда Озарбайжон муҳим ҳамкорга айланиб, Кавказга ва ундан кейин Европага чиқиш имкониятини таъминламоқда, 1996 йилдан бери мамлакатлар ўртасида амал қилаётган эркин савдо режими эса маҳаллий маҳсулотларнинг ҳамкорлар бозорларига тўсиқсиз киришига имконият яратади. Хусусан, Ўзбекистоннинг Озарбайжон билан юк ташиш ҳажми 2024 йил якунлари бўйича 100 минг тоннадан ошди, бу рақамлар 2023 йилга нисбатан 5 фоизга кўпдир", – дея урғуланган "El Mundo Financiero" мақоласида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида