Logo

Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилиши якунлари Венгрия ОАВ нигоҳида

Июнь 11, 2025. 12:01 • 3 дақ

47
Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилиши якунлари Венгрия ОАВ нигоҳида

БУДАПЕШТ, 11 июнь. /"Дунё" АА/. Венгриянинг "Hungarian Conservative" журналида "Термиз мулоқоти: Марказий ва Жанубий Осиё алоқаларининг янги даври " сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда шу йилнинг 19-21 май кунлари Термиз шаҳрида "Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш" мавзусида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилиши якунлари таҳлил қилинган.

Маълум қилинганидек, тадбир Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ), Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Мақолада Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов ўз нутқида анжуманнинг Термиз шаҳрида ўтказилиши рамзий маънога эгалигини қайд этди. "Марказий ва Жанубий Осиё чорраҳасида жойлашган ушбу қадимий шаҳар азалдан минтақаларни боғловчи муҳим марказ бўлиб хизмат қилган", – дея экспертнинг сўзларидан иқтибос келтирилган материалда.

Шунингдек, Элдор Арипов Термиз зардуштийлик, буддавийлик, христианлик ва ислом анъаналари пайдо бўлган ва ривожланган маданиятлараро ҳамда диний мулоқот маркази бўлганини ҳам қўшимча қилди. Юнон-Бақтрия, Кушон подшоҳликлари ва бошқа қадимий давлатлар ўртасида жойлашган шаҳар Темурийлар даврида тараққий этиб, йирик савдо, ҳунармандчилик ва илм-маърифат масканига айланган

Қолаверса, Ҳиндистон ва Марказий Осиёни боғловчи қадимий Шимолий савдо йўли ҳам Термиз орқали ўтган. Бугун шаҳар изчил модернизация қилинмоқда ва Ўзбекистоннинг жанубий дарвозаси сифатидаги мақомини тиклаган ҳолда яна Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги муҳим боғловчи бўғинга айланмоқда.

"СМТИ раҳбарига кўра, Термизнинг бой тарихий мероси умумий тараққиёт учун янги стратегик имкониятларни очадиган ҳамкорликнинг ягона маконини барпо этиш учун мустаҳкам замин яратмоқда. Шунингдек, Элдор Арипов Термиз мулоқотининг аҳамиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, глобал беқарорлик шароитида барча ўзаро ҳурмат ва тенг ҳуқуқли иштирокка асосланган эркин ва конструктив мулоқот ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади", – дея урғуланган материалда.

Қайд этилишича, шу мақсадда 2021 йилнинг июль ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан "Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар" мавзусида юқори даражадаги халқаро анжуман ўтказилди, 2022 йилда эса БМТнинг тегишли резолюцияси қабул қилинди. Бу қадамлар ҳамкорлик ва тарихий алоқаларни тиклашга асосланган янги минтақавий кун тартибига асос солди.

"Бугун бунинг учун барча зарур шароитлар мавжуд, – деди СМТИ раҳбари. – Марказий Осиёда Жанубий Осиё билан ҳамкорликни биргаликда чуқурлаштириш учун мустаҳкам ҳамжиҳатлик шаклланган. "CASA-1000", ТАПИ ва Трансафғон йўлаги лойиҳаларининг қўллаб-қувватланиши ҳам бунга исбот бўла олади", – деб ёзилган "Hungarian Conservative" журналида босилган мақолада.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш