Logo

"Valencia Plaza": Валенсия ва Самарқанд ипакчилик мактаби – умумий тарих, фахр ва нафосат рамзидир

Август 01, 2025. 11:21 • 2 дақ

51
"Valencia Plaza": Валенсия ва Самарқанд ипакчилик мактаби – умумий тарих, фахр ва нафосат рамзидир

МАДРИД, 1 август. /"Дунё" АА/. Испаниянинг "Valencia Plaza" электрон нашрида Валенсия ва Самарқанд шаҳарларининг ўзаро боғлиқлигига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақола Ўзбекистон ва Испания ҳудудларининг тарихий ва замонавий алоқалари, маданий мероси ҳамда маданиятлараро мулоқотидаги аҳамиятига бағишланган.

"Валенсия ва Самарқанд турли қитъаларда жойлашган, бир-биридан саҳролар, денгизлар ва кўп асрлик тарих билан ажралиб турадиган икки шаҳардир. Бир қарашда улар турли оламларга мансуб, бироқ чуқурроқ қарасангиз, уларни асрлар давомида қадимий Ипак йўли боғлаб тургани аён бўлади", – дейилади мақолада.

Муаллиф бу омил нафақат савдо йўли, балки Шарқ ва Ғарб цивилизацияларини боғловчи маданий кўприк бўлган Буюк ипак йўли туфайли юзага келганини тушунтиради. Самарқанд Ипак йўлининг асосий шаҳарлардан бири – савдо, илм-фан ва ҳунармандчилик маркази бўлган. Унинг гавжум бозорларидан ипак, зираворлар ва ғоялар узоқ мамлакатларга, жумладан, ўша пайтда Ўрта ер денгизи савдо порти сифатида гуллаб-яшнаган Валенсияга юборилган.

"Ўшандан бери кўп асрлар ўтди, лекин Самарқанд ва Валенсия кўчаларида ҳамон кўзга кўринмас боғлиқлик бордек – бу энг яхши ипакдан тайёрланган ипдан тўқилган қалбдир", – деб ёзади муаллиф.

Нашрда Валенсия ва Самарқанд ипакчилик мактаби тарихи ва анъаналари ҳақида сўз юритилган ва бу умумий бойлик, куч ва нафосат рамзи бўлгани таъкидланган.

Қайд этилишича, Самарқанд ипагидан тайёрланган нафис маҳсулотлар Форс кўрфази, Туркия ва Кўрфаз араб мамлакатларига, у ердан эса савдогарлар орқали Европага етиб борди.

"Самарқанд худди Бухоро ва Хива сингари Буюк ипак йўлининг энг муҳим бекатларидан бири эди. Унинг бугун ҳам дўконлар билан тўлган кўчаларида қадим карвонлар садоси сақланиб қолинган. Нафис матоларнинг шитирлаши, заргарлик буюмларининг жилоси, шарқона зираворлар ифори – буларни сиз Самарқанд кўчаларида ҳис қиласиз", – дейилган манбада.

Мақола якунида "Самарқанд қадимда маҳсулот ишлаб чиқариш ва айирбошлашнинг шарқий маркази бўлган бўлса, Валенсия дунёнинг ғарбий чеккасида муҳим транзит пункти бўлиб хизмат қилган. Улар ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик йўқ, бироқ ипакнинг нозик иплари икки цивилизацияни кўринмас тарзда бир-бири билан боғлаб турган", – деб ёзилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш