Logo

"Ал-Дипломаси" АА: Хива анъанавий "Қовун сайли"га тайёргарлик кўрмоқда

Июль 17, 2025. 07:14 • 2 дақ

53
"Ал-Дипломаси" АА: Хива анъанавий "Қовун сайли"га тайёргарлик кўрмоқда

ҚОҲИРА, 17 июль. /"Дунё" АА/. Мисрнинг "Ал-Дипломаси" ахборот агентлиги "8-10 август кунлари Хива шаҳрида "Қовун сайли" фестивали бўлиб ўтади" сарлавҳали мақолани араб ва инглиз тилларида эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада Ўзбекистон туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш, жумладан, Хоразм вилоятига ташриф буюрувчи хорижий ва маҳаллий сайёҳлар сонини ошириш мақсадида жорий йилнинг 8-10 август кунлари Хива шаҳрида – "Ичан қалъа" ва "Арда Хива" мажмуаларида анъанавий "Қовун сайли" фестивали бўлиб ўтиши маълум қилинган.

"Туризм қўмитаси ва Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилаётган фестиваль доирасида вилоятнинг шаҳар-туманлари ўз ҳудудларида етиштирилган ширин қовунларнинг кўргазма-савдосини ўтказади. Павильонлар ҳудудий ранг-баранглик асосида байрамона безатилади. Вилоят деҳқонлари ўтган йили бўлиб ўтган фестивалда 125 турдаги қовунни намойиш этган бўлсалар, жорий йил ҳам турли ҳудудлардан келган фермерлар ўз қовун навларини анъанавий нақшлар билан безатилган павильонларда тақдим этади", – дейилган нашрда.

Таъкидланганидек, анжуман доирасида театрлаштирилган саҳналар, қўғирчоқ театри ва миллий либослар намойиши, миллий таомлар, Хоразм нонлари ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари, бадиий жамоалар, фольклор гуруҳларининг жонли ижро чиқишлари, маҳорат дарслари, тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмаси ташкил этилади.

"Бугунги кунда, "Қовун сайли" Хиванинг маданий тақвимидаги энг муҳим тадбирлардан бирига айланган. 2024 йилда ушбу фестивалга салкам 30 минг хорижий ва 400 минг маҳаллий меҳмон келган. Қовун сайли Хоразм брендини юксалтириш, иқтисодий ўсиш ҳамда маданий туризмни ривожлантириш йўлидаги энг муҳим омиллардан деб ҳисобланади", – дея урғуланган мақолада.

"Ал-Дипломаси" ахборот агентлиги тарқатган материалда, шунингдек, фестивалнинг асосий тадбирлари маҳаллий ва хорижий юлдузлар иштирокидаги гала концертлар билан 8-9 август кунлари "Ичан қалъа" ва 10 август куни "Арда Хива" туризм мажмуаларида бўлиб ўтиши хабар қилинган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш