Logo

Америка ОАВ: Ўзбекистон денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар олдида турган муаммоларни бартараф этиш бўйича халқаро лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда

Август 13, 2025. 16:36 • 2 дақ

51
Америка ОАВ: Ўзбекистон денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар олдида турган муаммоларни бартараф этиш бўйича халқаро лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда

ВАШИНГТОН, 14 август. /"Дунё" АА/. Американинг оммабоп нашрларида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги минтақавий ўзаро боғлиқлик ва Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлигига бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар беради "Дунё" АА мухбири.

Хусусан, "The Times of Central Asia" нашри ўз ўқувчилари эътиборига Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги тенденцияларига оид мақолани тақдим этди. Унда ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий институционал механизмлари батафсил таҳлил қилинган.

Афғонистон билан конструктив ҳамкорликни ривожлантиришда етакчи ўринни эгаллаб турган Ўзбекистонга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таъкидланишича, мамлакат Афғонистон иштирокидаги инфратузилма лойиҳаларни илгари суришда давом этаяпти. Шунингдек, ўтмишдаги яккаланиш ва беқарорликка олиб келган хатоларни такрорламаслик учун глобал иштирокчилар билан фаол ҳамкорлик қилинмоқда.

Мақолада, шунингдек, ташқи сиёсат устуворликларининг тобора ортиб бораётган уйғунлиги, давлатлараро зиддиятларнинг йўқлиги ва доимий маслаҳатлашувлар Марказий Осиёда ўзаро ҳурмат ва фаол ҳамкорликка асосланган янги минтақавий ҳамкорлик тизими шаклланаётганидан далолат бериши таъкидланган.

"Diplomatic Watch" нашри "Ўзбекистон халқаро ҳамкорлар билан келажакка йўл очмоқда" сарлавҳали мақолани эълон қилди. Материалда 5-8 август кунлари Туркманистоннинг "Аваза" миллий туризм ҳудудида бўлиб ўтган БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференция тафсилотлари қаламга олинган.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар олдида турган ўзига хос муаммоларни бартараф этишга қаратилган ҳужжатларни амалга ошириш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этмоқда. Хусусан, мамлакатда барқарор транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, савдо йўналишларини диверсификация қилиш ва минтақавий шерикликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар изчил амалга ошириляпти. Бу устувор йўналишлар Ўзбекистоннинг миллий тараққиёт стратегиясида марказий ўринни эгаллади ва БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамоҳангдир.

Мақола хулосасида "Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонда бўлиб ўтган БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясидаги иштироки Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва муҳокама қилинаётган муаммоларга барқарор ечим топиш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлади", – деб ёзилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш