“Анадолу” АА: Ўзбекистон миллий либослари — асрлар оша яшаб келаётган жонли мерос
Февраль 20, 2026. 16:25 • 53 сония
• 58АНҚАРА, 20 февраль. /“Дунё” АА/. Туркиянинг нуфузли “Анадолу” ахборот агентлигида “Ўзбекистоннинг рангоранг мероси: ўтмишдан бугунга қадар келган ўзбек миллий либослари” сарлавҳали мақола нашр этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, тамаддунлар чорраҳасида жойлашган Ўзбекистонда анъанавий либослар нафақат кийим, балки маданий ўзлик ва тарихий хотиранинг муҳим элементи сифатида асраб авайланмоқда. Тарихий мерос, иқлим шарт-шароитлари ва турмуш тарзи таъсирида шаклланган ўзбек кийим маданияти ўзининг ёрқин ранглари ва ноёб нақшлари билан жаҳон аҳлини ҳайратга солиб келмоқда.
Нашр ўзбек эркакларининг чопон, яктак ва дўппи каби миллий кийимларига алоҳида тўхталган. Айниқса, олтин иплар билан безатилган зарчопонлар ва минтақаларга қараб нақшлари фарқланадиган дўппилар ўзбек халқининг бой маданиятидан ҳикоя қилувчи санъат асари сифатида таърифланган.
Аёллар либослари ҳақида сўз кетганда, мақолада атлас ва адрас матоларидан тикилган кўйлаклар, лозимлар ва нафис зардози каштачилик санъати юқори баҳоланган. Аёлларнинг заргарлик буюмлари ва рўмоллари уларнинг ёши, оилавий ҳолати ва ижтимоий мавқеини ифодаловчи ўзига хос маданий тизим экани қайд этилган.
“Анадолу” агентлигининг хулоса қилишича, Ўзбекистон миллий либослари мамлакатнинг ижтимоий тузилиши ва эстетик қадриятларини тушуниш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



