Ўзбекистон Президенти мактубида халқаро жамоатчилик учун аҳамиятли бўлган муҳим тарбиявий ғоялар илгари сурилган

Ноябрь 26, 2026. 09:00 • 3 дақ

• 189
Ўзбекистон Президенти мактубида халқаро жамоатчилик учун аҳамиятли бўлган муҳим тарбиявий ғоялар илгари сурилган
Ўзбекистон Президенти мактубида халқаро жамоатчилик учун аҳамиятли бўлган муҳим тарбиявий ғоялар илгари сурилган

АММОН, 26 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иорданияга давлат ташрифи чоғида набирасига ёзган мактуби ушбу мамлакатнинг қатор оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Иордания ОАВларида чоп этилган материалларда мактубнинг мазмун-моҳияти, унда илгари сурилган оилавий қадриятлар, ёш авлод тарбияси, илм-маърифат, Ватанга муҳаббат ва мамлакат келажаги билан боғлиқ ғояларга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, “Al-Saa” ахборот агентлигида Ўзбекистон Президентининг набирасига йўллаган мактуби инсонпарварлик ва самимийлик ифодаси сифатида тақдим этилган. Материалда давлат раҳбарининг ота ва бобо сифатидаги меҳр-муҳаббати, ҳаётий тажрибаси ва келажак авлод олдидаги масъулияти ёритилган.

Манбада мактубнинг шахсий мазмуни билан бирга, унинг кенг жамоатчилик учун ҳам аҳамиятли тарбиявий ғояларни мужассам этгани кўрсатилган.

“Al-Raqam News” ахборот порталида ҳам Президентнинг Иорданияга сафари давомида набирасига мурожаат қилиб, ўз ҳаётий тажрибаси ва эзгу тилакларини баён этгани акс этган.

Хусусан, мактубдаги “Сен ҳам келажакда қайси касб-корни эгаллашингдан қатъи назар, Ватанга наф келтирмоққа, эл корига ярамоққа интил” деган мазмундаги фикрга эътибор қаратилган. Нашр мактуб орқали мамлакат ёшлари тақдири ва уларнинг келажаги ҳақида сўз юритилганига урғу берган.

“Al-Anbat News” кундалик сиёсий газетасида эълон қилинган мақолада мактубнинг тарбиявий ва маънавий жиҳатларига тўхталиб ўтилган.

Айниқса, нашрда “Олтин зангламас” деганларидек, чинакам билим ва маърифат ҳеч қачон ўз қадр-қимматини йўқотмайди. Илм-фан янгиликларини синчковлик билан кузатиб, уларнинг моҳиятини англашга ҳаракат қил! Тил билган – эл билади, хорижий тилларни ўзлаштиришга рағбатингни асло сусайтирма!” деган фикрлар алоҳида ажратиб кўрсатилган.

“Johina News” электрон ахборот нашрида Президент мактубининг араб тилидаги матни жойлаштирилган. Нашр уни оддий оилавий мурожаат сифатида эмас, балки ёш авлодни ватанпарварлик, меҳнатсеварлик ва илмга интилиш руҳида тарбиялашга қаратилган ҳаётий сабоқлар мажмуаси сифатида тақдим этган.

Шунингдек ўқинг

Мақолада Президентнинг болалик йилларидаги оғир меҳнат ва пахта далаларида ўтган даври ҳақидаги хотиралари ҳамда раҳбар сифатида болаларни пахта далаларидан мактабга қайтаришни биринчи вазифалардан бири деб билгани ҳақида алоҳида эътироф ўрин олган.

Жумладан, “Президент бўлганимдан сўнг биринчи галда болаларни пахта далаларидан мактабга қайтардим” деган фикр мактубнинг муҳим ижтимоий мазмунини очиб беради. Шу тариқа, нашр таълим-тарбия, болалар манфаатлари ва келажак авлод учун яратилаётган имкониятларга эътибор қаратган.

“NBN Jo” ахборот порталида Президент мактуби инглиз тилида нашр этилган. Бу мактуб мазмуни араб тилида сўзлашувчи аудиториядан ташқари, инглиз тилида ахборот олувчи ўқувчиларга ҳам етказилганини кўрсатади.

Портал мактубни тўлиқ матн шаклида тақдим этиб, ундаги халқ хизмати, болалар келажаги ва таълимга оид фикрларни кенг ёритган.

Президентнинг “Халқ дардини юракка яқин олишдан улуғроқ мақсад йўқ” деган мазмундаги фикри мактубнинг асосий ғояларидан бирини ифодалаши акс этган.

“Twasl News” электрон нашрида ҳам Ўзбекистон Президентининг набирасига йўллаган мактубининг тўлиқ матни эълон қилинган. Ушбу порталнинг материални ўз саҳифасида жойлаштириши мактубнинг Иордания электрон ахборот маконида кенг тарқалганини кўрсатувчи яна бир мисолдир.

Иордания оммавий ахборот воситаларида мазкур мактубнинг турли тилларда ва бир нечта нашрларда чоп этилиш Ўзбекистон Президентининг шахсий мурожаати халқаро ахборот майдонида ҳам катта қизиқиш уйғотганини кўрсатади.

Нашрлар мактубни, аввало, бобонинг набирасига меҳр билан йўллаган самимий насиҳатлари, шу билан бирга, бутун ёш авлодга қаратилган ҳаёт сабоқлари сифатида талқин қилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш