Покистондаги халқаро кўргазмада “Made in Uzbekistan” миллий павильони намойиш этилди
Ноябрь 27, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 10КАРАЧИ, 27 ноябрь. /“Дунё” АА/. 23–26 ноябрь кунлари Покистоннинг Карачи шаҳрида “FoodAg–2026” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Покистон Савдони ривожлантириш агентлиги томонидан ташкил этилган кўргазмада 1000 нафардан ортиқ маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар, экспортёр ва импортёрлар, йирик савдо тармоқлари, логистика компаниялари вакиллари иштирок этди.
Юртимизнинг Покистондаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси ва мамлакатимизнинг озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш соҳаларида фаолият юритувчи корхоналар вакилларидан иборат делегация ҳам ярмаркада қатнашди.
Дипломатик ваколатхона томонидан кўргазма майдонида “Made in Uzbekistan” миллий павильони ташкил этилди. Унда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қуритилган ва сублимация усулида қуритилган мевалар, мева-сабзавотлар, дуккакли маҳсулотлар, қандолатчилик, консерваланган озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа экспортбоп товарлар кенг намойиш этилди.
Ўзбекистон делегацияси аъзоларининг Покистон савдо вазири Жам Камол Хон билан учрашуви ташкил этилди. Мулоқот давомида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва Ўзбекистон маҳсулотларининг Покистон бозоридаги иштирокини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
– Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати ҳамда экспорт имкониятлари анча юқори, – деди вазир Жам Камол Хон. – Биз Ўзбекистондан мева-сабзавотлар, консерваланган ва чуқур қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари, сублимация усулида қуритилган мевалар экспортини кўпайтиришдан манфаатдормиз.
Покистон Миллий озиқ-овқат хавфсизлиги ва тадқиқотлар вазирлиги тизимидаги Миллий агросавдо ва озиқ-овқат хавфсизлиги агентлиги ҳамда Ўсимликларни ҳимоя қилиш департаменти раҳбарияти, йирик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компаниялар вакиллари билан алоҳида-алоҳида музокаралар ўтказилди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Покистон бозорига чиқариш, фитосанитария рухсатномаларини расмийлаштириш, янги маҳсулотлар бўйича экспорт талабларини келишиш ҳамда ўзаро ваколатли идоралар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Ярмаркада қатнашган “Imtiaz”, “Hemani General Trading”, “Chapal Group”, “Balaji Group of Companies”, “Zia Group”, “Saif Group”, “Ebrahim Group of Companies”, «”Agro Processors & Atmospheric Gases (APAG)” ва бошқа йирик компаниялар Ўзбекистон маҳсулотларини харид қилишга катта қизиқиш билдирди.
Кўргазма якунлари бўйича Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси ҳамда Панжоб вилояти Инвестициялар ва савдо департаменти ўртасида ҳамкорлик меморандуми, Покистон компаниялари билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортига доир қатор савдо шартномалари имзоланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси






