Миср матбуоти: Ўзбекистон етакчисининг Чўлпонотадаги ташаббуслари халқаро майдонда кенг эътироф этилди

Август 04, 2026. 15:30 • 3 дақ

192
Миср матбуоти: Ўзбекистон етакчисининг Чўлпонотадаги ташаббуслари халқаро майдонда кенг эътироф этилди
Миср матбуоти: Ўзбекистон етакчисининг Чўлпонотадаги ташаббуслари халқаро майдонда кенг эътироф этилди

ҚОҲИРА, 4 август. /“Дунё” АА/. Мисрнинг “Al Diplomasy” ва “Al Youm Al Sabea” ахборот агентликларида Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг норасмий маслаҳат учрашувида Ўзбекистон Президентининг иштирокига бағишланган материаллар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Агентликларнинг қайд этишича, Иссиқкўл соҳилида бўлиб ўтган мазкур учрашув минтақа ҳамкорлиги тарихидаги муҳим сиёсий воқеалардан бири бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Марказий Осиёнинг барқарор тараққиёти, иқтисодий интеграцияси ва умумий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қатор стратегик ташаббусларни илгари сурди.

Мақолаларда Ўзбекистон раҳбари Қирғизистоннинг иқтисодий ютуқлари ҳамда мамлакатнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзоси этиб сайланганини юқори баҳолагани таъкидланган. Шунингдек, Озарбайжоннинг мазкур мулоқот форматига қўшилиши Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Афғонистонни қамраб олган кенг ҳамкорлик маконини шакллантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолангани қайд этилган.

Президент нутқида иқтисодий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаган. Хусусан, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт йўлакларини ривожлантириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, умумий рақамли хизматлар ва инвестиция платформаларини шакллантириш устувор вазифалар сифатида кўрсатилган.

Шунингдек ўқинг

Шу билан бирга, Марказий Осиёни сунъий интеллект, “Big Data”, инновациялар ва юқори технологиялар марказига айлантириш ғояси илгари сурилгани, бунинг учун инсон капитали, энергетика инфратузилмаси ва замонавий маълумотлар марказларини ўзаро интеграция қилиш муҳимлигига урғу берилгани қайд этилган.

Мақолаларда иқлим ўзгариши ва экологик хавфсизлик масалаларига ҳам кенг ўрин ажратилган. Президент Шавкат Мирзиёев аномал иссиқлик, сув танқислиги ва энергетика хавфсизлиги каби таҳдидларга қарши самарали курашиш фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали мумкинлигини таъкидлаб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш минтақанинг узоқ муддатли тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этган.

Ахборот агентликлари саммит доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари ўртасида бўлиб ўтган музокараларга ҳам алоҳида тўхталган. Унда икки мамлакат муносабатлари тарихий юксалиш босқичига чиққани, ўзаро товар айланмаси қарийб ўн баробар ошиб, 1,2 миллиард долларга етгани, 450 та қўшма корхона фаолият юритаётгани ҳамда яқин йилларда савдо ҳажмини 3 миллиард долларга етказиш мақсад қилингани қайд этилган.

Шунингдек, энергетика, геология, муҳим металлар, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик ва логистика соҳаларида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Қамбарота-1 гидроэлектр станцияси қурилиши ҳамда Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини жадаллаштириш бўйича эришилган келишувлар ҳам кенг ёритилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш