“Avesta” АА: Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга чиқмоқда
Август 03, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 97
ДУШАНБЕ, 3 август. /“Дунё” АА/. Тожикистоннинг “Avesta” ахборот агентлигида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги маданий-гуманитар мулоқотнинг жадал ривожланишига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг маданий дипломатия соҳасидаги фаол сиёсати ушбу йўналишни мамлакат ташқи сиёсатининг энг муҳим воситаларидан бирига айлантирди. Сўнгги йилларда АҚШ билан икки томонлама ҳамкорлик турли халқаро фестиваллар ва концертлар, илм-фан, таълим, маданий мерос каби йўналишларда амалга оширилмоқда.
Мақолада ўзаро шериклик муносабатларига бир қатор мисоллар келтирилган. Хусусан, консерваториялар ўртасида академик алмашинувлар амалга оширилди, Хивадаги Тошҳовли саройини реставрация қилиш учун АҚШ томонидан 150 минг долларлик грант ажратилди, америкалик ижодкорлар “Шарқ тароналари”, “Лазги” фестиваллари, мақом ва бахшичилик форумларида мунтазам иштирок этмоқда.
Жорий йилда Тошкентда ўтказилган Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ маданият вазирларининг учрашуви ўзаро муносабатлар ривожида муҳим воқеа бўлди. Учрашув якунлари бўйича “C5+1” формати доирасида маданият вазирлари кенгашининг маданий меросни сақлаш бўйича қўшма баёноти имзоланди.
“Маданият халқаро муносабатларнинг энг мустаҳкам пойдеворларидан бирига айланди. Маданий мулоқотга киритилган инвестициялар Ўзбекистон ва АҚШ халқлари ўртасида абадий дўстлик кўпригини шакллантирадиган келажакка киритилган сармоядир”, – деб хулоса қилади “Avesta”.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси