“Times of Oman”: Ҳиндистон ва Ўзбекистон стратегик йўналишда ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Август 04, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 79
МАСКАТ, 4 август. /“Дунё” АА/. Ҳиндистон Президенти Драупади Мурму Деҳлидаги расмий қароргоҳи Раштрапати-Бхаванда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовни қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Оманнинг “Times of Oman” нашрига таяниб.
Драупади Мурму Ҳиндистон ва Ўзбекистонни икки мамлакатни боғлаб турган қадимги савдо йўлларига бориб тақалувчи чуқур тарихий, маданий ва цивилизацион ришталар ўзаро боғлаб туришини таъкидлади. У архитектура, тил, пазандачилик, мусиқа ва диний анъаналардаги муштарак мерос икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилиб келаётганини қайд этди.
Президент тоғ-кон саноатида, айниқса, камёб ер минераллари соҳасида, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва ахборот технологиялари йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжудлигини урғулади.
Шунингдек, икки мамлакат ўртасида тобора ривожланаётган иқтисодий ҳамкорлик ҳамда Ҳиндистон–Ўзбекистон бизнес форуми ҳақида фикр-мулоҳаза алмашилди. Икки давлат вакиллари ўртасидаги ортиб бораётган ишонч ва изчил кенгаяётган савдо-инвестициявий шериклик эътироф этилди.
Таълим соҳасидаги алоқалар хусусида сўз юритган Президент 3 мингдан ортиқ ўзбекистонлик мутахассислар ва талабалар Ҳиндистон техник ва иқтисодий ҳамкорлик дастури (ITEC) ҳамда стипендия ташаббусларидан баҳраманд бўлганини маълум қилди.
Шунингдек, у ҳозирда 16 мингдан ортиқ ҳиндистонлик талаба Ўзбекистонда олий маълумот олаётганини қайд этиб, уларни икки мамлакат ўртасидаги халқлараро алоқаларни мустаҳкамлайдиган ва ўзаро англашувни чуқурлаштирадиган муҳим кўприк деб атади.
Учрашувда кўп йиллик дўстликка таянган ҳолда, иқтисодий ва таълим соҳаларидаги шерикликни кенгайтириш, шунингдек, стратегик тармоқларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ҳиндистон ва Ўзбекистоннинг муштарак мақсадлари алоҳида таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси