“El Mundo Financiero”: Янги Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар фермерлар манфаатларига хизмат қилмоқда
Июнь 30, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 60
МАДРИД, 30 июнь. /“Дунё” АА/. Испаниянинг оммабоп “El Mundo Financiero” газетасида “Янги Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги янгиланган тизим фермерлар манфаатларига хизмат қилмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон аграр секторида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар нафақат маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш, балки соҳани рақамлаштириш, бозор механизмларини жорий этиш ҳамда фермерларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Тизим босқичма-босқич маъмурий бошқарувдан иқтисодий эркинлик ва соғлом рақобат муҳитига ўтмоқда.
Нашр ер муносабатларидаги шаффофликни алоҳида эътироф этган. Хусусан, қишлоқ хўжалиги ерларини электрон аукционлар орқали ажратиш тизими йўлга қўйилгани ва ер ижараси шартномаларини ҳокимликлар ёки прокурор протести билан асоссиз бекор қилиш амалиёти тақиқлангани таъкидланган. Эндиликда шартномалар фақат томонлар келишуви ёки суд қарори билангина бекор қилиниши фермерларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлади.
Шунингдек, 2026 йилги ҳосилдан бошлаб фермер ва кластерлар экин турларини давлат идораларининг аралашувисиз, “Агропортал” (ягона интеграцион платформа) ва “CropAgro” АТ тизими орқали мустақил жойлаштириши соҳада инсон омилини кескин камайтиргани маълум қилинган.
Мақола якунида Ўзбекистон фермерлар кенгаши ва қонун чиқарувчи органлар ҳамкорлигида фермерларнинг сиёсий ва ҳуқуқий жараёнлардаги иштироки кенгаяётгани баён этилган. Жумладан, Фермерлар кенгашига судларга давлат божисиз даъво аризалари киритиш ҳуқуқи берилгани, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар экспертизаси ва “Fermer minbari” telegram лойиҳаси орқали онлайн мулоқот йўлга қўйилгани юқори баҳоланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси