"Associated Press of Pakistan" АА: Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги экологик ҳамкорлик стратегик шериклик даражасига кўтариляпти
Июнь 30, 2026. 09:53 • 2 дақ
• 39
ИСЛОМОБОД, 30 июнь /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Associated Press of Pakistan” ахборот агентлигида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги экологик ҳамкорлик алоқаларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги экологик ҳамкорлик янги босқичга кўтарилиб, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, барқарор ривожланиш ва илмий ҳамкорликка қаратилган узоқ муддатли стратегик шериклик шаклига айланмоқда.
Иқлим ўзгариши, чўлланиш, биохилма-хилликнинг камайиши ва ҳаво ифлосланиши каби глобал экологик муаммолар тобора кучайиб бораётган бир шароитда Ўзбекистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлимга бардошлиликни миллий тараққиёт кун тартибининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилади. Шу нуқтаи назардан, АҚШ билан ҳамкорликни кенгайтириш мамлакатнинг халқаро экологик сиёсатида муҳим ўрин тутади.
Икки томонлама ҳамкорликнинг асосий майдонларидан бири “C5+1” мулоқот платформаси бўлиб, унда Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши бўйича миллий қўмитаси Атроф-муҳит ва энергетика бўйича ишчи гуруҳлар фаолиятида фаол иштирок этмоқда. Мазкур мулоқот Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасида тажриба алмашиш, қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш ҳамда экологик масалалар бўйича минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини беради.
Сўнгги йилларда таълим алмашинувлари, халқаро форумлар ва малака ошириш дастурлари орқали икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди.
Нашрда таъкидланишича, 2025 йилда Тошкентдаги “Green University” ва Колумбия университетининг Барқарор ривожланиш маркази ўртасида имзоланган меморандум экология ва иқлим соҳасидаги қўшма илмий тадқиқотларни сезиларли даражада кенгайтириши кутилмоқда.
Шунингдек, АҚШнинг барқарор ўрмон хўжалиги ва экотизимларни мониторинг қилиш бўйича илғор тажрибаси Ўзбекистоннинг бузилган ландшафтларни тиклаш ва экологик бошқарув тизимини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига муҳим ҳисса қўшиши мумкинлиги қайд этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси