“The Conversation”: Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатидаги иштироки Марказий Осиё учун муҳим тарихий воқеага айланди
Июнь 30, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 81
ЛОНДОН, 30 июнь. /“Дунё” АА/. Нуфузли “The Conversation” халқаро нашри Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатидаги иштирокини Марказий Осиё учун муҳим тарихий воқеа сифатида баҳолади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда таъкидланишича, Ўзбекистоннинг 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатига йўлланма олиши мамлакат спорти тарихидаги муҳим ютуқ бўлиб, Марказий Осиё давлатлари орасида ушбу мусобақада иштирок этаётган илк мамлакат сифатида тарихга кирган.
Муаллиф ушбу воқеани Марказий Осиёда кейинги йилларда кузатилаётган ижобий ўзгаришлар ва минтақанинг барқарор тараққиёти билан боғлаган. Қайд этилишича, 1990 йилларда қатор ғарб таҳлилчилари Марказий Осиёни можаролар ва беқарорлик хавфи юқори бўлган ҳудуд сифатида баҳолаган бўлса-да, бу каби таҳминлар амалда ўз тасдиғини топмаган.
Мақолада Фарғона водийси мисолида минтақада ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида эришилган натижаларга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 2025 йил март ойида имзоланган Хўжанд декларацияси чегара масалаларини ҳал этиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланса, шу йилнинг октябрь ойида ўтказилган Фарғона водийси тинчлик форуми минтақавий мулоқот ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилган муҳим майдон сифатида эътироф этилган.
Нашр хулосасига кўра, Марказий Осиё тажрибаси норасмий дипломатия ва минтақавий ҳамкорликнинг самарадорлигини намоён этмоқда. Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатидаги иштироки эса минтақадаги барқарорлик, ўзаро ишонч ва халқаро нуфуз мустаҳкамланиб бораётганининг рамзий ифодаси сифатида баҳоланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси